Путин ва Трамп Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича музокара ўтказади. Бу ҳақда нималар маълум?

Brendan Smialowski / AFP / Scanpix / LETA
Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Доналд Трамп бугун телефон орқали мулоқот қилади. Мулоқот Тошкент вақти билан соат 18:00 дан 20:00 гача вақт оралиғида бўлиб ўтади. Бу Трамп 20 январда АҚШ президенти лавозимига қайтганидан бери Россия ва Америка етакчиларининг иккинчи расмий телефон суҳбати бўлади. Биринчиси 12 февралда ўтказилган, унда Трамп ва Путин Россиянинг Украина билан урушини тўхтатиш бўйича музокараларни бошлашга келишиб олганди.
Кейин нималар бўлди:
18 феврал куни Россия ва АҚШ делегациялари Саудия Арабистонида учрашди. 28 феврал куни АҚШга ташриф билан келган Украина президенти Володимир Зеленский Оқ уйда тинчлик келишуви параметрларини муҳокама қилиш чоғида Доналд Трамп билан тортишиб қолганди. Ушбу можародан сўнг АҚШ Украинага барча ҳарбий ёрдамни тўхтатди. Ёрдам бир ҳафта ўтгач – 11 март куни АҚШ ва Украина делегацияси Саудия Арабистонида учрашганидан кейин қайта тикланди. Ушбу учрашувда Украина АҚШнинг Россия билан 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш таклифига рози бўлди. Владимир Путин ҳам умуман олганда рози экани, аммо ўт очишни тўхтатиш «узоқ муддатли тинчликка» олиб келиши ва «бу инқирознинг асл сабаблари»ни бартараф этиши кераклигини таъкидлади. 13 март куни Путин Москвада Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашиб, сулҳ параметрларини муҳокама қилди. Айнан Уиткофф ўтган ҳафта охирида Трамп ва Путин яқин кунларда яна қўнғироқ қилишини биринчи бўлиб эълон қилганди.
Путин билан бугунги мулоқотдан олдин Трамп Украина бўйича тинчлик келишувининг «кўплаб элементлари» аллақачон келишиб олинганини айтди. «Биз [Россия президенти билан] ер, электр станциялари ҳақида гаплашамиз. Аммо буларнинг аксарияти иккала томон, Украина ва Россия томонидан аллақачон муҳокама қилинган. Биз аллақачон бу ҳақда гапиряпмиз – муайян активларни бўлишиш ҳақида», – деди Трамп 17 март куни журналистларга.
Кремл Путин ва Трамп музокаралари мавзусини ошкор қилмаяпти. Аммо Россия расмийлари олдинроқ Россия Федерацияси Украинага қўйган талабларидан (Ғарбда «максималистик» деб ҳисобланган) чекинишга тайёр эмаслигини маълум қилди. Хусусан, ТИВ раҳбари ўринбосари Александр Грушко Россия «хавфсизликнинг метин кафолатлари»ни талаб қилишини, Украинанинг НАТОга аъзоликдан воз кечиши уларнинг бир қисми бўлишини айтди. Шунингдек, Россия ҳукумати Украинада НАТО тинчликпарвар кучларини кўришни истамаслигини билдирди.
Bloomberg агентлиги ёзишича, Путин ўтган ҳафтада Трампнинг махсус вакили Стив Уиткоффга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш шартларидан бири – Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш бўлишини айтган.
Амалда Трамп ва Путиннинг мулоқоти «Украинада сулҳ тузилган тақдирда Россия қандай ҳудудлар ва активларни сақлаб қолиши»га бағишланади, деб ёзади The New York Times Трамп ва унинг маъмурияти вакилларининг яқинда берган баёнотларига таяниб. Улар сўнгги ҳафталарда Украина НАТОни «унутиши» ва Россия томонидан босиб олинган ҳудудининг бир қисмидан воз кечиши кераклиги ҳақида озми-кўпми очиқ гапиришганди.
Semafor нашри маълумотларига кўра, АҚШ тинчлик келишуви доирасида Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш имкониятини кўриб чиқмоқда, аммо бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. The New York Times газетаси ҳам Оқ уй Қримни, ва эҳтимол, Украинанинг РФ қўшинлари томонидан ишғол этилган бошқа ҳудудларини ҳам «деярли тўлиғича» Россия ихтиёрида қолдиришни режалаштирмоқда.
Украина эҳтимолий муросаларни муҳокама қилишда қанчалик иштирок этаётгани ва уларга қанчалик қўшилаётгани номаълум. Bloomberg агентлиги ҳисоблашича, Трампнинг баёнотлари «Украина билан ёки усиз кўплаб қарорлар аллақачон қабул қилинганидан далолат беради». АҚШ президентини танқид қилувчилар «у Украинанинг розилигисиз Россияга ён бериши мумкинлиги»дан хавотирланмоқда, деб қўшимча қилади агентлик. The New York Times нашри ёзишича, Украинада Трамп Путинга Одессани беришга рози бўлиши мумкинлигидан хавотир бор.
ОАВ маълумотларига кўра, Украина Россия билан тузиладиган ҳар қандай тинчлик келишуви учун ўзининг «қизил чизиқлари»ни белгилаб берган. «Европейская правда» маълумотларига кўра, Киев армия миқдорини қисқартириш ва НАТОга аъзоликдан воз кечишга тайёр эмас. Британиянинг The Independent нашри Украина расмийларига таяниб хабар беришича, Киев Россияга қўшимча ҳудудий ён беришларга рози бўлмайди – гарчи Украина расмийлари фронт чизиғи ҳозирги ҳолатида музлатилиши мумкинлигига «тан берган» бўлса ҳам. Шунингдек, The Independent маълумотларига кўра, Украина Россияга олиб кетилган болаларни қайтариш, Россия томонидан ноқонуний ушлаб турилган фуқароларни озод қилиш ва халқаро хавфсизлик кафолатларини талаб қилмоқда.
Москва Украина билан урушдаги дастлабки мақсадларидан воз кечишга тайёр эмаслиги сабабли, Трампнинг Путин билан иккинчи телефон суҳбати «дипломатик илтифотлар ва кейинги музокаралар ваъдаси» билан якунланиши кутилмоқда, деб ёзади Wall Street Journal. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин Трамп билан бугунги суҳбатдан кейин ҳеч қандай баёнот беришни режалаштирмаётганини айтди.
Тавсия этамиз
Путин Россия Одессага даъво қилмаслиги шартини айтган – «Коммерсант»
Жаҳон | 22:26 / 19.03.2025
Қозоғистонда амалдорлар қамоқхоналарга экскурсияга олиб борилмоқда
Жаҳон | 18:16 / 19.03.2025
Трамп: «Украинага босим ўтказишга мажбур бўлгандик»
Жаҳон | 20:53 / 18.03.2025
Temu Ўзбекистонда юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтди
Ўзбекистон | 20:25 / 18.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Буюк Британияда идеал даражада думалоқ тухум аукционда сотилди
Жаҳон | 10:05
-
Самарқандда табиатга 10 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилди
Жамият | 10:03
-
Жиззахда юк машинаси ва микроавтобус тўқнашди. Қурбонлар бор
Жамият | 09:40
-
БМТ Россияни Украинадаги инсониятга қарши жиноятларда айбламоқда
Жаҳон | 09:33
Мавзуга оид

08:15
Трамп Канадани «энг ёмон мамлакатлардан бири» деб атади

23:34 / 19.03.2025
Трамп ва Путин мулоқоти: баёнотларга қараб, қандай хулосалар қилиш мумкин?

22:33 / 19.03.2025
Путин ва Трамп суҳбати: дунё тинчликка яқинлашмади

22:09 / 19.03.2025