Ислом Каримов Ўзбекистонни мустақилликдан бошлаб то 2016 йилнинг сентябрига қадар, чорак аср бошқарди. Каримов даврида Ўзбекистон фақат битта давлат билан иттифоқчилик муносабатларини ўрнатди. У ҳам бўлса Россия Федерацияси билан, 2005 йилнинг ноябр ойида. Ваҳоланки, Каримов Россияга ишончсизлиги билан танилган эди.
Каримовнинг Россияга ишончсизлиги табиий ҳол эди. Нафақат Ўзбекистон, балки СССР тарқалгач мустақиллигини қўлга киритган барча янги давлатларнинг Россияга ишончсизлик ва қўрқув билан қараши – табиий эди. Чунки СССРни тиклаш ғоялари, интилишлари, лойиҳалари Россияда кучли эди ва ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.
Москва янги мустақил давлатларга, жумладан Ўзбекистонга ҳам ўзининг сиёсий ва геосиёсий иродасини ўтказишдан тортинмаган.
1995 йилда Россия Давлат Думасига сайловлар бўлади. Сайловларда Коммунистик партия катта ғалабани қўлга киритади. Елцин тарафдори бўлган “Наш дом – Россия” партияси эса бор-йўғи 10 фоиз овоз олади. 1996 йилнинг март ойида Дума СССРни тиклаш бўйича иккита қонун қабул қилади. Бири “СССР халқлари интеграциясини таъминлаш бўйича”, иккинчиси “Беловеж келишуви кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” эди. Табиийки, Россиядаги бу ва бошқа кайфиятлар Ўзбекистонни, бошқа янги мустақил давлатларнинг хавотирига сабаб бўлади.
1997 йилда Каримов “Ўзбекистон 21-аср бўсағасида” номли китоб ёзади. Бу китобда еттита йирик таҳдидлар санаб ўтилади. “Минтақавий можаролар”, “диний экстремизм ва терроризм”, “буюк давлатчилик шовинизми ва агрессив миллатчилик”, “этник ва миллатлараро зиддиятлар”, “коррупция ва жиноятчилик”, “маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик” ҳамда “экологик муаммолар” ҳақида гапирилади.
Қисқа қилиб айтганда, Каримов минтақавий можаролар, ҳамда экстремизм ва терроризм Ўзбекистонни безовта қилади, лекин бизни энг жиддий хавотирга соладиган ва мустақиллигимизга реал таҳдид бўлган нарса бу – шовинизм, агрессив миллатчилик, империализм дея, фақат Россияни тилга олади. Китобнинг учинчи бўлими фақат Россия томонидан бўлаётган таҳдидларга бағишланади.
Каримовнинг фикрларини мухтасар қилсак, қуйидаги хулосалар билдирилади: Россия сиёсий элитасида, махсус хизматларида, давлати таркибида шундай кучлар ва кайфиятлар борки, улар мустақил давлатларга юқоридан қарайди, ўз империясининг таркиби сифатида кўради, доим қарам ҳолатда ушлаб ўтиришни истайди, ва имконият бўлса – яна ўз империяларини тиклашни хоҳлайди. Россия ўз таъсирини ва босимини ушлаб туриш учун, янги давлатларнинг чегаралари билан ўйин қилишни ўйлайди, миллатлараро зиддиятларни қўзғаб, гижгижлаб, ўртакашлик қилиш орқали ўз лойиҳаларини амалга оширишни истайди. Шунингдек, рус империализми ўзбек халқида, маҳаллий халқларда ноқислик комплексини яратишга ҳаракат қилган, “қолоқлик” руҳиятини сингдирган.











