Орбан ЕИнинг барча 27 давлатининг Украина бўйича декларациясини блоклади
Венгрия бош вазири Европа Иттифоқининг 27 давлатининг Украина бўйича қўшма декларацияси қабул қилинишига тўсқинлик қилди. «Вето! Бас! Биз Венгрия халқидан Украинанинг ЕИга аъзолиги ҳақида сўраймиз», — дея қўшимча қилди у.

Фото: Ludivic Marin/AFP/Getty Images
Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқининг барча 27 мамлакати давлат ва ҳукумат раҳбарларининг Украина бўйича қўшма декларацияси қабул қилинишига яна бир бор тўсқинлик қилди. Орбан 20 март, пайшанба куни Twitterʼда тегишли пост қолдирди.
«Вето! Бас! Биз Венгрия халқидан Украинанинг ЕИга аъзолиги ҳақида сўраймиз. Унгача биз бу масала бўйича ҳеч қандай умумий позицияни қўллаб-қувватлай олмаймиз», деб ёзади Венгрия вазирлар маҳкамаси раҳбари.
Декларация Европа Иттифоқининг 26 давлати томонидан қабул қилинди
Декларацияни Европа Иттифоқи мамлакатларининг 26 та давлат ва ҳукумат раҳбарлари эълон қилди, деб хабар беради AFP. Ҳужжатда Киевни қўллаб-қувватловчи баёнотлар мавжуд. Декларацияни имзолаган давлатлар «Украинанинг шошилинч ҳарбий ва мудофаа эҳтиёжларини қондириш учун саъй-ҳаракатларни зудлик билан фаоллаштиришга» чақирди.
Бу йил Украинага артиллерия ўқ-дорилари учун 5 миллиард евро ажратмоқчи бўлган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ташаббуси ҳам тилга олинди. Европа Иттифоқи «Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларини жадал қўллаб-қувватлайди», деб таъкидланган ҳужжатда.
Украина учун ҳарбий ёрдам пакети
Орбан аввалроқ Европа Иттифоқининг Украина бўйича қарорларини блоклаган ёки кечиктирган.
Шундай қилиб, Politico 4 март куни хабар қилганидек, Венгрия ҳукумати Украинага Европа Иттифоқидан 20 миллиард евролик янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлашга тўсқинлик қилди.
Бу 28 феврал куни Оқ уйда Володимир Зеленский ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасидаги можародан олдин содир бўлган.
Politico Европа Иттифоқи дипломатларига таяниб, 21 февралда 20 миллиард евролик ҳарбий ёрдам пакети ишлаб чиқилаётгани ҳақида биринчи марта ёзган. Ўшанда ҳам улар Венгриянинг қаршилиги туфайли бу миқдор бутун ҳамжамиятдан эмас, балки ЕИнинг алоҳида давлатларидан ўтказмалар кўринишида ўтказилиши мумкинлигини айтган.
Мавзуга оид

17:08 / 24.03.2025
ЕИ ходимларининг маоши уч йилда етти марта оширилди — ОАВ

14:59 / 21.03.2025
Европа Иттифоқи мудофаа тайёргарлигини ошириш бўйича ишларни тезлаштиради

10:51 / 20.03.2025
Европа Иттифоқи: Россия - Европа хавфсизлигига «асосий таҳдид»

17:06 / 18.03.2025