2024 йил декабрида Сурияда Асадлар режимининг эллик йиллик ҳукмронлиги якун топди. Кўплаб сурияликлар эркинликдан баҳраманд бўлишда давом этмоқда, бироқ мамлакат барқарорликка эришди, деб бўлмайди. Сурия ҳануз чуқур инқироз ичида, мамлакатни ҳарбий тўқнашувлар ларзага солмоқда.

«Медуза» шарқшунос Руслан Сулаймоновнинг Дараа, Ҳалаб ва Дамашқ каби йирик шаҳарлардан тайёрлаган репортажини эълон қилди.

Дараа — инқилоб тонги

2011 йил 6 март куни эрталаб Сурия жанубида жойлашган кичик Дараа шаҳрида бир неча ўсмир мактаб ички ҳовлиси деворида шундай граффити чизади: «Сенинг навбатинг келди, доктор!»

Улар бу сўзлар билан мамлакат президенти, муттахассислиги бўйича офталмолог Башар Асадга мурожаат қилган эди. Ўша пайтга келиб бутун араб оламида аланга ёниб турган эди — Мисрда кўп йиллик ҳукмдор Ҳусний Муборак ва Тунисда Зайнулобиддин ибн Али ағдарилганди.

Дараа / Руслан Сулейманов

Полиция деярли дарҳол ўқувчиларни ҳибсга олади ва кейинги бир неча кун давомида қийноқларга солишади. Улар электрошокер билан тўқнашди, тирноқлари остига ниналар санчилди. Эҳтимол, ҳукумат эҳтимолий инқилобдан қўрқиб, ўсмирларни намойишкорона тарзда жазолашни мақсад қилган эди.

Бироқ натижа аксинча бўлди. Қийноқлар тўғрисидаги хабарлар бутун Дараани ларзага солди. Шаҳар аҳолиси уюшган ҳолда полиция бўлими олдида тўпланиб, болаларни озод қилишни талаб қила бошлади. Ҳокимият норозиликларни шафқатсизлик билан бостирди. Лекин бу маҳаллий аҳолини тўхтата олмади. Намойишлар энди фақат Дараада эмас, балки бутун Сурия бўйлаб авж олди.

Шундай қилиб, ўтмишда барқарор бўлган ва бутун араб олами учун намуна бўлиб келган мамлакатда кўп йиллик фуқаролик уруши бошланди. Бу уруш қарийб 14 йилга чўзилди, 400 мингдан зиёд инсон ҳаётига зомин бўлди, мамлакатдаги 20 млн кишининг ярмидан кўпи қочқинга айланди ва 2024 йил декабрида — Асадлар режими ағдарилиши билан якунланди. Ушбу режим Сурияда ярим асрдан зиёд ҳукмронлик қилган эди.

«Мен бахтлиманми? Йўқ, мутлақо йўқ. Мамлакатим вайронага айланди. Ўша пайтда ҳеч нарса ёзмаганимиз яхши эди», — дейди Абдураҳмон, ўша 2011 йилдаги граффитини ёзган ўсмирлардан бири. Ҳозирда Абдураҳмон камтарона ҳаёт кечирмоқда: қаерда пул топса, ўша ерда ишлайди — баъзан маҳаллий қурилишда, баъзан эса ўша мактабда посбон бўлиб.