Хорижда ишлаб чиқарилган автомашиналар савдосида кескин пасайиш, ҳисоблагич қиёслов текширишидаги ўзгаришлар, боғча болаларига берилган яроқсиз гўшт ва болани калтаклаган ўғри энагага қамоқ жазоси — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

«Иномаркалар» савдосида кескин пасайиш

Ўзбекистонда хорижий автомобиллар савдоси бир ой ичида икки баробардан кўпроққа камайди. Бу нотариф чекловлар ва автополигонлардаги техник синовлар сабаб импорт ҳажмининг кескин қисқариши билан боғланмоқда.

Февралда янги хорижий автомобиллар сотуви кескин тушган бўлса, маҳаллий машиналар савдоси барқарор қолди. Иккиламчи бозорда ҳам фаоллик 16 фоизга камайди. Электромобиллар савдоси ойликда 11 фоизга пасайди, бироқ ўтган йилга нисбатан икки баравар ўсиш қайд этилди.

Божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йилнинг январ–феврал ойларида импорт 4 баравар камайиб, 17 мингдан 4,3 мингтага тушди. Бензинли, гибрид ва электромобиллар импорти ҳам сезиларли равишда пасайган. Энг қизиғи — тайёр автомобиллар импорти пасайгани фонида эҳтиёт қисмлари импорти 3,34 баробарга ошган.

Мутахассислар 1 майдан утилизация йиғимининг оширилиши бозорга яна бир зарба бериши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказишда ўзгаришлар

Ўзбекистонда электр, газ ва сув ҳисоблагичларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан ариза бериш тартиби бекор қилинди. Янги тартибга кўра, ҳисоблагични ўз вақтида текшириш вазифаси таъминотчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.

Жисмоний шахслар ҳар 8 йилда, юридик шахслар эса 4 йилда ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиши керак. Муддат яқинлашганда, таъминотчи корхона ходими келиб, ҳисоблагични ечиб олади ва текширувдан сўнг қайта ўрнатади. Фуқаролар бу жараён учун ҳеч қандай ариза бермайди.

Қиёслаш учун тўлов ҳисобрақамидан автоматик тарзда ечилади. Жисмоний шахслар учун бу 75 минг сўмни, юридик шахслар учун 562 500 сўмни ташкил этади. Агар ҳисобда маблағ етарли бўлмаса, қарз сифатида ёзилиб, кейин ечиб олинади.

Агар ҳисоблагич ўз вақтида текширувдан ўтказилмаса, хонадонда тўлов ҳисоблагичсиз — киши бошига белгиланади. Бу эса ишлатилмаган ҳолда ҳам ортиқча тўловга олиб келади.