Россиялик ҳарбийлар 24 март куни Суми шаҳри бўйлаб ракета зарбаси йўллади — ушбу област маркази Курск области билан чегарадан 30 километр масофада жойлашган. Расмийларга кўра, 101 киши яраланган, шундан 23 нафари — болалар; Катта ёшли жабрланувчиларнинг 16 нафари ва 14 бола шифохонага ётқизилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, кўплаб одамлар шиша парчаларидан шикастланган. Зарба шаҳарнинг мактаб, бир нечта болалар боғчаси ва юқумли касалликлар шифохонаси жойлашган турар жойлар ҳудудига берилган.

«Ҳамма жойда болалар бор эди», – дейди Сумида яшовчилардан бири BBC Украина хизматига.

Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари Володимир Артюхнинг маълумотларига кўра, Россия ҳужуми оқибатида турар жой бинолари ва инфратузилма объектларига зарар етган.

Артюхнинг ёзишича, Россия Сумига ракета ҳужуми уюштирган, натижада мактабга ҳам зарар етган. Ҳужум вақтида болалар бомбапаноҳда бўлган, улардан ҳеч бири жабрланмаган.

Denys Kryvopyshyn / Cukr.city / Global Images Ukraine / Getty Images

Қутқарувчилар 40 нафар бола ва ёши катта бўлган 16 кишини эвакуация қилган. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати мактаб биноси қисман вайрон бўлганини маълум қилди.

Маҳаллий журналистлар таъкидлашича, зарбалар берилган вақтда Сумида ҳаво тревогаси эълон қилинмаган.

Зарба Ар-Риёдда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларнинг янги босқичи бўлиб ўтаётган кунда йўлланди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумга изоҳ бермади.

Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари портлаш овозлари эшитилаётган воқеа жойидан олинган видеони эълон қилди.

Denys Kryvopyshyn / Cukr.city / Global Images Ukraine / Getty Images

Област маъмурияти томонидан эълон қилинган бошқа видеоларда вайрон бўлган бинолар ва хонадонлардан чиқаётган тутунни кўриш мумкин.

Портлаш тўлқини уйлар вайрон бўлишига олиб келган, кўп қаватли уйларнинг дераза ва эшикларини синдирган. Баъзи хонадонларда ёнғинлар бошланган, деб хабар беради полиция.