Туркия президентлигига номзод, коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинган Акром Имомўғли мамлакатнинг энг машҳур сиёсатчиларидан бири бўлиб қолмоқда. Имомўғли 54 ёшда, у мухолифатдаги Жумҳурият халқ партиясида етакчи шахс, шунингдек, Истанбул мэри – анчадан бери Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий рақибларидан бири ҳисобланади.

У ўтган йили Эрдўған ва унинг ҳукуматдаги Адолат ва тараққиёт партиясини доғда қолдириб, Истанбул мэрлиги учун сайловда иккинчи бор ғалаба қозонганди.

Истанбул Туркиядаги энг йирик шаҳар бўлиб, унда 15 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Имомўғли 2024 йилги сайловларгача ҳам бу шаҳарни беш йилдан бери бошқариб келаётган эди. Туркиядаги кўплаб сиёсий шарҳловчилар унинг такрорий ғалабасини «Эрдўғаннинг тарихдаги энг ёмон мағлубияти» деб аташганди.

Акром Имомўғли 19 март, чоршанба куни коррупция ва терроризмга шерикликда айбланиб, қўлга олинганди. У Жумҳурият халқ партиясининг 2028 йилги сайловларда президентликка номзод сифатида кўрсатилиши праймеризи арафасида унинг уйига полициячилар боришди.

Имомўғлининг олиб кетилиши ва кейин қамоқда қолдирилиши бу сценарийни шубҳа остига қўйди.

Бу воқеа Туркияда ўн минглаб кишилар иштирокидаги норозилик намойишларини келтириб чиқарди – бу сўнгги ўн йил ичидаги энг йирик намойишлар бўлмоқда. Истанбул, Анқара ва Измир каби энг йирик шаҳарларда намойишлар бир неча кундан бери давом этмоқда. Хавфсизлик кучлари уларга кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар қўллаган ҳолатлар бўлди.

Митинглар Туркиянинг 81 вилоятидан 55 тасида ўтказилган

Туркия ИИВ маълумотларига кўра, беш кун давомида полиция 1100 дан ортиқ кишини ҳибсга олган.

Қамоқдаги мэр ўзига қўйилган айбловларни сиёсий, ҳибсга олинишини – «Туркия демократияси учун қора доғ» деб атади.

У X ижтимоий тармоғи орқали ҳамюртларини қаршилик кўрсатишга чақириб шундай ёзди: «Сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз билан биз бу тўнтаришни тўхтатамиз ва кейин буни қилганларга эшикни кўрсатамиз».

Юз минглаб турклар унинг чақириғига жавоб берди. Интернетда улар ўз етакчисига мурожаат қилмоқда: «Биз сени президент қиламиз».