Ассалому алайкум. Бугун 30 март, яна якшанба. Бир вақтлар радио эфирлар бошида айтилганидек, Самарқанддан гапирамиз! Эсингизда бўлса, авваллари ҳамма уйда деразанинг бир бурчагида радио осиғлик турарди. Унда каналлар ҳам кўп эмасди. Катталар «Машъал» радиосида миллий қўшиқларимизни эшитишарди. Биз қадрдонимизга айланган момо айтиб берадиган оқшом эртакларини эшитардик.
Баъзан радиодан янгиликлар ҳам берилиб қоларди. Ҳатто футбол ўйинларини ҳам қадрдон радиодан эшитардик. Хуллас, бир парчагина қути бизни дунё билан боғлаб тургандек эди. Катта бўлгач тушуниб етдикки, бунинг номи ахборотга эҳтиёж дейиларкан. Инсон дунёдан узилиб қолмаслик учун ундаги янгиликлардан бохабар бўлгиси келади. Азалдан шунақа бўлган.
Бугунги интернет асрида эса янгиликлар шунчалик кўпки уларни саралаш осон эмас. Бу борада биз сизга ёрдам берамиз. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафта давомида дунёда содир бўлган энг муҳим воқеаларни ёдга оламиз.
Муваффақиятсиз музокара
Ҳафта давомида Саудия Арабистонида Украина, АҚШ ва Россия вакиллари иштирокида музокара ўтказилди. Бироқ бу Россия ва Украина ўртасидаги тўғридан тўғри музокара эмасди. Музокара жуда ғалати форматда ўтказилди. Украина ва Россия делегацияси бир меҳмонхонадаги алоҳида хоналарга жойлаштирилди. Уларнинг гапларини бир-бирига АҚШ делегацияси аъзолари етказиб турди.
Ва бунақа носамимий руҳдаги музокарада табиийки, ҳеч нимага келишилмади. Умуман урушни тугатиш бўйича музокаралар жуда ёмон ўтмоқда десак бўлади. Чунки ўртада турган Трамп маъмурияти холислик қилиш ўрнига очиқчасига Россияга ён босяпти. Бундан илҳомланган Россия эса янгидан янги талаблар қўймоқда.
Ҳафта давомида руслар ва украинлар энергетика объектларига зарба бермаслик бўйича келишувга эришгани хабар қилинди, икки томон ҳам буни тасдиқлади. Лекин бу келишув ҳам жуда хом. Биринчидан, руслар уни 18 мартдан амалга кирди деса, украинлар 25 мартдан деяпти. 28 март куни Суджадаги газ станциясига ҳужум қилинди. Россия украинлар HIMARS билан урди деди, Киев биз урганимиз йўқ, керак бўлса исботлаш учун мудофаа вазирини АҚШга юборамиз, деди. Хуллас, мана шунақа ножиддий тарзда кечмоқда музокаралар. Бунақада нимагадир эришиш қийин...
Оқ уй мулозимлари «қовун туширди»
Ортда қолаётган ҳафтанинг энг можароли воқеаси АҚШда содир бўлди. Трамп маъмуриятидаги энг юқори мартабали мулозимлар Signal мессенжерида чат очиб унда Ямандаги ҳусийчилар ҳаракатига зарбаларни муҳокама қилишди. Етмаганига чатга адашиб The Atlantic журнали муҳаррири Жеффри Голдбергни ҳам қўшиб қўйишди. Журналист гуруҳда борлигини бутун бошли Америка хавфсизлигига жавоб берадиган мулозимлар сезмаган ҳам. Журналист эса бемалол, обдон барча ёзишмаларни скриншот қилиб борган.















