3-4 апрел кунлари Самарқандда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев саммит олдидан “Euronews”га интервью берди. Давлат раҳбарининг матбуот хизмати интервю матнини эълон қилди.

– Кейинги йилларда дунё шиддат билан ўзгармоқда: геосиёсий беқарорлик, иқтисодий хатарларнинг ўсиши, иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар – буларнинг барчаси халқаро ҳамкорликнинг янги форматларини тақозо этмоқда. Шу нуқтайи назардан қаралганда, Самарқанд шаҳридаги «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» саммити минтақаларимиз ўртасидаги муносабатларда бурилиш нуқтаси сифатида кўринмоқда. Нима учун айнан шу пайт ўзаро ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда?

– Минтақаларимизни чуқур тарихий илдизлар, бир-бирига мос манфаатлар ва яқин шерикликка объектив интилиш боғлаб туради. Бугунги кунда биз Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг қарийб ўттиз йиллик самарали тажрибага асосланган аниқ кун тартибини шакллантирганмиз.

Бизнинг Европа Иттифоқи билан шериклигимиз – бу икки томонлама ҳаракат, ундан иккала томон ҳам манфаат кўриши лозим.

«Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» формати – ноёб ҳамкорлик платформаси бўлиб, ўлчам ва институционал қамров жиҳатидан унга ўхшаши мавжуд эмас. 27 давлатни, жумладан «Катта еттилик»ка аъзо учта мамлакатни (Германия, Франция ва Италия) бирлаштирган Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан минтақалараро даражада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйган энг йирик интеграцион тузилма ҳисобланади. Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик иқтисодиёт ва инвестициядан тортиб барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва рақамли трансформациягача бўлган соҳаларнинг кенг мажмуасини қамраб олади ҳамда узоқ муддатли стратегик устувор йўналишларга асосланади.

Биз европалик ҳамкорларимиз билан мунтазам учрашиб келмоқдамиз. Минтақамизга етакчи давлатлар раҳбарларининг ташрифлари анча фаоллашди. Ўзбекистон Италия ва Франция билан стратегик шериклик ўрнатди. Германия ва Марказий Осиё мамлакатлари эса минтақавий стратегик шерикларга айланди.

Бугун Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари билан савдо ва инвестиция алоқаларини изчил ривожлантирмоқда. Охирги етти йилда Марказий Осиё мамлакатларининг ЕИ билан савдо айланмаси тўрт баробар ошиб, 54 миллиард еврони ташкил этди.

Биз Европа бизнесининг Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа мамлакатлар билан савдо ва инвестициявий ҳамкорлик қилиш имкониятларига қизиқиши кучайиб бораётганини мамнуният билан кузатмоқдамиз.

Минтақамизда кузатилаётган ижобий жараёнлар туфайли Марказий Осиё қудратли ва етакчи давлатларнинг Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи йўллар туташган геосиёсий чорраҳадаги ишончли ҳамкорига айлантирмоқда. Бу «Марказий Осиё плюс» форматларида ўз ифодасини топмоқда. Улар очиқ мулоқотни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиб, барча томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги учун қулай имконият яратмоқда.