Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Исроиллик депутат Ғазони «тозалаш»ни талаб қилди
Исроилнинг «Ликуд» партияси вакили Амит Ҳалеви Ғазо сектори тўлиқ ишғол қилиниши ва «душманлардан тозаланиши» кераклигини билдирди. У «агар бундай қилинмаса ғазоликлар фарзандларингизни яна ўлдиради, набираларингизни ўғирлайди», дея огоҳлантирган.
Ҳалевига кўра, «ўзаро келишув йўқ, оташкесимга етарлича асос ҳам йўқ». У Ғазони босиб олиш ва у ерда назоратни тиклашни муҳим, деб атади.
Эслатиб ўтамиз, Исроил узоқ музокаралар натижасида эришилган оташкесим келишувини бузиб, Ғазодаги урушни 18 март куни қайта бошлаган эди. Шундан бери камида 921 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Уруш бошланганидан буён қурбонлар сони 50 мингдан ошган.
Исроил 2 мартдан Ғазога барча ёрдамларни тўхтатиб, анклавни яна гуручсиз ва озиқ-овқатсиз қолдирди. БМТ маълумотига кўра, аҳолининг 90 фоизи очлик ёқасида.
Исроил «Ҳизбуллоҳ» қўмондонини ўлдирди
Ливаннинг жануби ва пойтахтидаги Исроил авиаҳужумлари натижасида «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг юқори лавозимли қўмондони Ҳасан Али Будайр ва унинг ўғли ҳалок бўлди.
Бу ҳақда «Ҳизбуллоҳ» баёнот берди. Шунингдек, Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги бомбалашлар натижасида яна 4 киши, жумладан, бир аёл ҳалок бўлгани, яна 6 нафар фуқаро яраланганини маълум қилди.
Исроил армияси расмийлари ҳам ҳаводан зарбалар берилганини тасдиқлаб, ҳужумлар Байрутнинг жанубида «фаол террорчилар»га қарши амалга оширилганини билдирди.
Бу зўравонлик 28 март куни Ливандан Исроилнинг шимолига қарата ракеталар учирилганидан сўнг бошланди. Жавоб тариқасида Исроил авиацияси Ливаннинг бир нечта нуқтасига зарба берди. Вазият яна кескинлашмоқда.
Эрон ядровий қуролга эга бўлиши билан огоҳлантирди
Эрон олий раҳбарининг маслаҳатчиси Али Ларижоний АҚШ ёки унинг иттифоқчилари томонидан ҳужум бўлса, Теҳрон ядровий қурол яратишга мажбур бўлишини билдирди. Бу ҳақда у давлат телевидениеси орқали чиқиш қилди.
«Биз ядровий қуролга интилмаймиз. Аммо агар хатога йўл қўйсаларингиз, бу йўлга ўзингиз етаклайсиз. Эрон ўзини ҳимоя қилишига тўғри келади», — деди Ларижоний. Унинг сўзларига кўра, босим кучайса, мамлакатда бошқа йўл қолмайди.















