Саммитда нутқ сўзлаган Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИ Транскаспий транспорт коридори учун 10 миллиард доллар ажратишини билдирди.

«Марказий Осиё билан стратегик шериклигимизда 4 та бобни алоҳида айтиб ўтишим керак. Шулардан биринчиси — транспорт коридорлари. Биз Транскаспий транспорт коридори учун 10 млрд доллар ажратдик. Қозоғистонда шамолдан, Ўзбекистон ва Туркманистонда эса қуёшдан энергия олиш станцияларини қуришда ёрдамлашамиз.

Ҳурматли президентлар, биз транспорт коридорлари, тоза энергия, фойдали қазилмалар ва рақамли боғлиқлик каби мен айтган 4 та бобда яхши ҳамкорлар бўла оламиз», — деган Урсула фон дер Ляйен.

Саммитда нутқ сўзлаган Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Украина бўйича тинчлик музокаралари бошланганини қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Трансконтинентал ўзаро боғлиқликни ошириш — асосий вазифамиз. Охирги йилларда Транскаспий коридорида Қозоғистон анча фаоллашди. Бу коридордан маҳсулот олиб ўтишимиз 62 фоизга ошди. Қозоғистон Европага углеводород экспорт қилувчи асосий давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, миллий стратегиямиз доирасида биз АЭС қурмоқчимиз. АЭС энергетик хавфсизлигимизни таъминлаш учун керак.

Қозоғистон можароларнинг тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори. Украина бўйича тинчлик учун музокаралар бошланганини қўллаб-қувватлаймиз, салом йўллаймиз. Ўйлаймизки, ижобий якун топади. Бу можаронинг барча қийин жиҳатларидан хабардормиз», — дея Тўқаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат охирги йилларда 18 та кичкина ГЭС қургани, яқин йилларда яна 15 та қуришини билдирди.

«31 март куни уч томонлама чегара келишувини имзоладик. Бу минтақа барқарорлиги, хавфсизлиги учун катта қадам бўлди. Энергетика, туризм, қишлоқ хўжалиги соҳасида катта лойиҳалар бошлаяпмиз. Давлатимиз катта гидроэнергетик потенциалга ҳам эга. Тахминан йилига 142 млрд киловатт соат энергия ишлаб чиқаряпмиз.

Қайта тикланувчи энергетика ва энерго самарадор технологиялар бўйича Евроиттифоқ билан ҳамкорликдан манфаатдормиз. Охирги йилларда 18 та кичкина ГЭС қурдик, яқин йилларда яна 15 та қурамиз.