Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё етакчилари илк марта бир стол атрофига тўпланди. Россияни ён беришга кўндиролмаган АҚШ тезкор сулҳдан умидини узди. Трамп “аламини” тарифлардан олди ва бутун дунёга савдо уруши очди. Зеленский эса Путинни рози қилишнинг йўлини айтди. Хитой Тайван атрофида ҳарбий машғулотлар бошлади. Францияда Ле Пен ўйиндан чиқди.

Жорий ҳафтанинг халқаро майдондаги мавзулари муҳокамаси – Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида.

Самарқанд саммити

Иқтисодчи Шуҳрат Расулнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга кўпроқ эътибор қарата бошлаши – АҚШ изоляционизми даврида иттифоқнинг ўзини тўла мустақил субъект, алоҳида қутб сифатида кўра бошлаган пайтда тўғри келмоқда.

“Марказий Осиё учун Европа Иттифоқи бугунги кунда иккинчи савдо ҳамкорига айланяпти. Лекин умумий савдо айланмалари минтақанинг беш давлати билан ҳам юқори рақамларда деб бўлмайди. МОда Қозоғистон европаликлар билан савдо ҳажмида етакчилик қилмоқда. Қозоғистоннинг ўзи ўтган йили Европа Иттифоқи билан 50 миллиард евро савдо айланмасига эришган. Бу борада Ўзбекистон Қозоғистондан кейинги ўринни эгаллаган. Президент Шавкат Мирзиёев Euronews нашрига берган интервюсида 2024 йил ЕИ билан савдо айланмаси 6,4 миллиард долларни ташкил этганини айтди. Бу, албатта, Қозоғистон савдосидан анча кам, лекин Марказий Осиёдаги бошқа давлатларга қараганда каррасига катта.

Энг муҳими, сўнгги уч йиллик рақамларга эътибор берсак, Ўзбекистон ЕИ билан савдо ҳажмини йилига ўн бир ёки ўн икки фоизга ўстиришга эришяпти”, – дейди Шуҳрат Расул.

Сиёсий таҳлилчи Абдували Сойибназаров масалани иккита контекстда кўриб чиқиш кераклигини айтади: геосиёсий ва ҳар иккала томоннинг иқтисодий қизиқишлари. Россия–Украина уруши фонида МО ва ЕИ манфаатлари ўзаро мос келяпти. Евроиттифоқ ташқи савдода Россиянинг ўрнини тўлдиришга муҳтож.

“Яна бир омил эса – минтақанинг Россия–Хитой ўртасида жойлашгани ва МОни бу икки қудрат босимлари остида қолдирмаслик учун муқобил вектор бўла олишлик. Ундан ташқари, ЕИ Марказий Осиёнинг ерости ва ерусти бойлигини ҳам асосий ўринга қўяди, яъни хомашё масаласи. Тўртинчи масала Франция ва Германияга ўхшаш мамлакатларда кўплаб атом электростанцияларининг мавжудлиги. Яқин пайтларгача бу давлатлар уранни асосан Россия Федерациясидан олган. Ҳозирги геосиёсий рақобат шароитида Россияга қарши санкциялар туфайли ушбу давлатлар Марказий Осиё билан ҳамкорликка эътиборини кучайтирди. Чунки Тўқаев таъбирича Қозоғистон дунё уранининг қарийб 40 фоизини қазиб чиқаради ва рейтингда биринчи, Ўзбекистон ҳам бу саноатда етакчилардан, дунё рейтингида бешинчи ўринда қайд этилган.