Исроил армияси ўз аскарлари 23 март куни Ғазо жанубида хатолик туфайли фавқулодда хизматларнинг 15 нафар ходимини ўлдирганини тан олди. Исроил ҳарбийлари ҳалок бўлганларнинг баъзилари Ҳамасга алоқадор бўлганини таъкидлаган, бироқ ҳозирча ҳеч қандай далил келтирилмаган. Исроил мудофаа армияси баёнотида тан олинишича, қурбонларнинг барчаси ўққа тутиш чоғида қуролсиз бўлган.

Ўшанда Фаластин Қизил ярим ой жамияти (PRCS) автомобиллар колоннаси, БМТ машинаси ва Ғазонинг Рафаҳ ҳудудидаги фуқаролик мудофааси ўт ўчириш машинаси ўққа тутилганди.

Дастлаб Исроил ҳарбийлар машиналар колоннаси қоронғида, чироқларсиз ва милтилловчи маёқларсиз «шубҳали» тарзда яқинлашгани учун ўт очганини даъво қилганди. Бу автомобиллар ҳаракати олдиндан армия билан келишилмаганди.

Бироқ, ҳалок бўлган парамедиклардан бири мобил телефонида олган видеоёзувда чақирув бўйича ярадорларга ёрдам беришга йўл олган машиналарнинг чироқлари ёниқ бўлганини кўриш мумкин. Дастлаб New York Times томонидан эълон қилинган видеода тонг отиш чоғида машиналар йўлда тўхтагани ва кўп ўтмай отишма бошланганини акс этган.

Видео олти дақиқадан кўпроқ давом этади. Унда Рефат Радван исмли парамедик дуо ўқиётгани, сўнгра Исроил аскарларининг овозлари эшитилгани ёзилган.

Исроил мудофаа армияси расмий вакили шанба куни кечқурун журналистларга маълум қилишича, аскарлар аввалроқ Ҳамаснинг уч аъзоси бўлган автомобилни ўққа тутган. Тез ёрдам машинаси воқеа жойига етиб келганида, ҳаводаги кузатув қуруқликдаги кучларга колонна «шубҳали ҳаракатланаётгани» ҳақида хабар беради.

Тез ёрдам машиналари Ҳамас машинаси ёнида тўхтаганида, Исроил ҳарбийлари буни таҳдид деб ҳисоблаб, шифокорлардан бирортаси қуроллангани ҳақида далиллар йўқлигига қарамай, ўт очган.

Кейинчалик Исроил автомобилларнинг чироқлари ўчирилгани ҳақидаги дастлабки баёнот нотўғри бўлганини тан олди – бу ҳарбийларнинг ўз хабарларига асосланган эди. Видеодан кўриниб турибдики, автомобиллар аниқ қилиб белгиланганди, шифокорлар эса ёруғлик қайтарувчи формада бўлишган.

ЦАХАЛ вакилининг сўзларига кўра, ҳарбийлар 15 киши жасадини ёввойи ҳайвонлардан ҳимоя қилиш учун кўмиб юборган, машиналар эса кейинги куни йўлни очиш учун олиб кетилган.

Жасадлар фақат бир ҳафтадан кейин топилган, чунки халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ҳам бу ҳудудга хавфсиз ўтишни ташкил эта олмаган ва воқеа жойини аниқлай олмаган.