Ўзбекистон | 11:55 / 07.04.2025
906
2 дақиқада ўқилади

Малайзиянинг етакчи авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўяди

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг Capital A Berhad компанияси раиси ва ҳаммуассиси Камарудин Меранун ҳамда Air Asia X авиакомпанияси бош ижрочи директори Бенямин Исмоил билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Учрашув бошида Камарудин Меранун Air Asia X Berhad авиакомпанияси жорий йилнинг май ойидан эътиборан Куала-Лумпур – Тошкент – Куала-Лумпур йўналиши бўйича авиачипталар сотувини бошлаш ва сентябрь ойидан ҳафтасига 4 маротаба мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича режаларини маълум қилди.

Компания раиси ўзининг тармоқ компаниялари ва Ўзбекистон миллий авиаташувчиси – Uzbekistan Airways компанияси билан биргаликда республика шаҳарларини Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларини Марказий Осиё ҳамда МДҲ давлатлари билан боғлайдиган йирик авиаҳабларга айлантириш ниятида эканини билдирди.

"Ўзбекистонга Малайзия ва Индонезиядан мусулмон сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида гуруҳ қошида фаолият юритаётган Ikhlas сайёҳлик компанияси мамлакатингиз туроператорлари билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр. Шунингдек, Ўзбекистонга бўлажак авиапарвозларни йўлга қўйиш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаш ҳамда сайёҳлар учун яратилган инфратузилма билан яқиндан танишиш мақсадида компания делегациясининг Ўзбекистонга сафари режалаштирмоқда", деди у.

Capital A Berhad гуруҳи Осиёдаги энг йирик ва етакчи кам бюджетли (low-cost) авиакомпания ҳисобланади. Авиакомпания парки 200 та самолётдан иборат. Авиация ҳолдинги 6 та (AirAsia Malaysia, AirAsia X, AirAsia Thailand, AirAsia Indonesia, AirAsia Philippines, AirAsia Cambodia) авиакомпанияни бирлаштиради. AirAsia X компанияси узоқ масофали рейсларни амалга оширади. Ҳолдинг Куала-Лумпур, Бангкок, Жакарта, Манила, Пномпен аэропортларидан хаб сифатида фойдаланади. Ҳозирги кунда авиагуруҳнинг маршрут тармоғи 160 дан ортиқ йўналишдан иборат. Улар Осиё ва Океаниядаги йирик аэропортларни қамраб олади.

Мавзуга оид