АҚШ расмийларининг анонимлик шарти билан Reuters агентлигига маълум қилишича, сўнгги ҳафтада АҚШ Эрон ва Яманнинг қўл етиши мумкин бўлган ҳудудидаги ҳарбий базага «стелс» технологияси билан жиҳозланган ва Американинг энг оғир бомбаларини олиб юришга қодир олтита қўшимча ҳарбий самолётини жойлаштирган.
Эрон бунга жавобан Американинг минтақадаги катта ҳарбий иштироки улар «шиша деворли хонадалиги» ва «тош отмаслиги» кераклигини англатишини билдирди.
Эрон, шунингдек, Чагос архипелагидаги Диего-Гарсия оролида жойлашган ҳарбий базани бомбардимон қилиш билан таҳдид қилди – бу Ҳинд океанидаги Британия ҳудуди бўлиб, ҳозирда уни Маврикийга топшириш жараёни кетмоқда. Аввалроқ Эрон бундай имкониятга эга эканини маълум қилмаганди.
«Ракета шаҳарлари» деб аталадиган бу шаҳарлар нимани англатади, нима учун Эрон улар ҳақида айнан ҳозир гапиришга қарор қилди ва бу Яқин Шарқдаги эҳтимолий можаро учун нимани англатади?
Эроннинг «ракета шаҳарлари» нима?

«Ракета шаҳарлари» – Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан йирик ерости ракета базаларини ифодалаш учун ишлатиладиган атама. Ушбу базалар бутун мамлакат бўйлаб тарқалган, бир-бири билан чамбарчас боғланган чуқур туннеллар мажмуасидан иборат бўлиб, уларнинг аксарияти стратегик жиҳатдан муҳим тоғли ҳудудларда жойлашган.
Улар баллистик ва қанотли ракеталарни, шунингдек, бошқа стратегик қуролларни – учувчисиз учоқлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сақлаш, учиришга тайёрлаш ва учириш учун ишлатилади.
Корпус қўмондонларининг сўзларига кўра, бу ракета шаҳарлари – шунчаки қурол-яроғ омборлари эмас. Уларнинг баъзилари – бир вақтнинг ўзида «жанговар навбатчиликка қўйишдан олдин ракеталарни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун» заводлар ҳам ҳисобланади.
Ушбу ракета базаларининг аниқ жойлашуви номаълум ва ҳеч қачон расман ошкор этилмаган.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси аэрокосмик кучлари қўмондони, бригада генерали Амир Али Ҳожизода IRIB давлат телерадиокомпаниясига берган интервюсида энг янги «ракета шаҳри»ни тақдим этди. Видеода ер остида чуқур жойлашган баллистик ракеталар ва камикадзе-дронлар акс этган. Бу видеода айнан нима тасвирланганини мустақил равишда текшириб бўлмайди.



















