Андижонда радарларни нишонга олган мерган, Туркиядаги иш фирибгарликларидан огоҳлантириш, Қаршида уйга кириб қолган илон ва кунига 1700 нафарга кўпаяётган Ўзбекистон аҳолиси — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Андижонда 52 радар милтиқда отилди

Андижон шаҳрида 49 ёшли ҳайдовчи Маҳмуджон Сирожиддинов пневматик милтиқ билан шаҳар марказидаги кўчаларга ўрнатилган йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этувчи 52 та камерага шикаст етказгани аниқланди.

Моддий зарар миқдори 1,1 млрд сўмга баҳоланмоқда.

ИИБ маълумотига кўра, у 29 та чорраҳада жойлашган «Hikvision» русумли 51 та камера ва 1 та радарга ўқ узиб, уларни қасддан шикастлаган. Фуқаро ижтимоий тармоқда мурожаат қилиб, устма-уст жарималар туфайли қаттиқ аччиқланиб ҳаракат қилганини айтди ва зарарни қоплашда одамлардан ёрдам сўради.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 173- (қасддан мол мулкка зарар етказиш) моддаси билан иш очилган. Ҳозирча айбланувчига нисбатан бирор эҳтиёт чораси қўлланмаган. Камералар «O‘zbektelekom» АЖга қарашли «TELECOM SOFT» МЧЖга тегишли экани айтилмоқда.

Туркиядаги иш фирибгарликларидан огоҳлантириш

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси фуқароларни Туркиядаги ёлғон иш таклифларидан огоҳлантирди. Сўнгги вақтларда айрим шахслар ортиқча маош ва қулай шарт-шароит ваъдаси билан ўзбекистонликларни фирибгарлик йўлида алдаётгани аниқланган.

Фирибгарлар уй-жой, ҳужжат ва иш билан таъминлашни ваъда қилиб, одамларни оғир аҳволга солмоқда. Бундай ҳолатларда иш ҳақи тўланмаслиги, оғир меҳнат ва таҳқирга учраш, ҳатто депортация ва жаримага дуч келиш ҳоллари учрамоқда.

Энг хавфлиси — расмий ҳужжатлар мавжуд эмаслиги туфайли фирибгарларни жавобгарликка тортиш қийин бўлади. Бош консулхона чет элда ишлаш учун фақат расмий иш рухсатномаси (Çalışma İzni) бўлган ҳолда сафар қилишни тавсия этмоқда.

UzAirways жавобгарликка тортилди

Истанбул–Тошкент рейсида парвоз қилган Туркия фуқароси Uzbekistan Airways’дан махсус овқат ва санитария талаблари бажарилмагани учун Рақобат қўмитасига шикоят қилди. У чипта сотиб олаётганда глютенсиз овқат талабини олдиндан келишган, бироқ рейс вақтида бу шарт бажарилмаган.