Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 15 апрел кунги ялпи мажлисида «сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга» доир қонун биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонун бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган
Депутат Шаҳноза Холмуҳаммедовага кўра, «бутун дунёда, хусусан, Ўзбекистонда сунъий интеллект инсон ҳуқуқлари ва шахсий маълумотлар хавфсизлиги учун таҳдидларни юзага келтиряпти».
«Хусусан, ўтган йили СИдан фойдаланиб, таниқли шахсларнинг аудио, фото ва видеоларини сохталаштириш 50 баробарга ошган. Ўзбекистонда 2023 йилда интернет тармоқларида 1129 та, 2024 йилда эса 3553 СИ ёрдамида ишлов берилган ноқонуний материаллар тарқатилгани аниқланган. Бунда аҳолининг ишончига кириш мақсадида ўзга шахсларнинг қиёфаси ва овозидан фойдаланилган», дейди у.

Депутатнинг фикрича, бу ҳолатлар миллий қонунчиликда сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш заруратини вужудга келтирмоқда.
«Қолаверса, президентимиз ҳам айнан шу бинода, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг илк ялпи мажлисида СИ билан боғлиқ масалаларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича ўз тавсиясини берган эди. Шу муносабат билан ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди», – дейди парламент аъзоси.
Депутатлар, доимгидек, қонун лойиҳаси матнини эълон қилмаган, уни жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўймаган.
Очиқланмаган лойиҳа билан «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонун ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Маърузачига кўра, лойиҳада «сунъий интеллект» тушунчасига таъриф берилган, соҳада давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда махсус ваколатли органнинг вазифалари, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидалари белгиланган.
СИ технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурсларига маркировка қўйиш талаби назарда тутилмоқда.








