Россия Олий суди Бош прокуратуранинг «Толибон» фаолиятига қўйилган тақиқни тўхтатиб туриш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирди ва ҳаракатни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқаришга қарор қилди, деб хабар бермоқда РБК суд залидан.

Судя Олег Нефедов тақиқни тўхтатиш тўғрисидаги қарор дарҳол кучга киришини билдирган.

Суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилгани ва матбуотга фақат қарорни эълон қилиш учун рухсат берилгани сабабли даъво аризасининг тафсилотлари номаълум.

Россия ҳукумати сўнгги йилларда «Толибон» билан фаол алоқаларни давом эттирган ва Россия ҳудудида ҳаракат фаолияти тақиқланганига қарамай, уларнинг делегацияларини Москвада қабул қилганди.

Кучишлатарлар, дипломатлар ва депутатлар: кимлар «Толибон»га вакиллик қилди?

«Толибон» «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги федерал қонунга киритилган ўтган йилги тузатишлардан сўнг террорчилар рўйхатидан чиқарилган биринчи ташкилот бўлди. Ўша пайтда қабул қилинган тузатишларга кўра, агар ташкилот терроризмни тарғиб қилиш, оқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолиятини ёки ушбу жиноятларни содир этишни тўхтатган бўлса, унинг фаолиятига қўйилган тақиқ суд қарори билан тўхтатилиши мумкин бўларди. Тушунтириш хатида ташаббус муаллифлари бундай механизмнинг яратилиши ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этишга қаратилганини таъкидлаган.

«Толибон»дан террорчи ташкилот мақомини олишга имкон берувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш ишлари 2024 йил баҳорида бошланганди. Аммо давлат оммавий ахборот воситаларининг айримлари қонун талаб қилганига зид равишда, гуруҳ ҳақида гап кетганда «Россия ҳудудида террорчи деб тан олинган ва тақиқланган» шаклидаги мажбурий эслатма беришни ундан олдинроқ бас қилганди.

2024 йил май ойида Россия президентининг Афғонистон бўйича вакили Замир Кабулов Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги Владимир Путинга «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришни таклиф қилганини маълум қилганди. Бусиз Москва толибларни Афғонистондаги қонуний ҳокимият сифатида тан ололмайди, деганди Кабулов.

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров буни изоҳларкан, таклиф «объектив ҳақиқатни акс эттириши»ни айтди. «„Толибон“ Афғонистондаги ҳақиқий ҳокимиятдир ва Россия Федерацияси бунга бефарқ эмас», – деганди у.

4 октябр куни Кабулов «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги қарор аллақачон олий даражада қабул қилингани, аммо «қонуний процедураларга риоя қилиш талаб этилиши»ни айтди.