Россия томони 19 апрел куни эълон қилинган Пасха сулҳи бузилгани ҳақидаги дастлабки айбловларни 20 апрел куни тушдан кейин эълон қилди. Россия мудофаа вазирлиги Украина қуролли кучлари Донецк областининг Сухая Балка ва Богатир районларида ҳужум қилишга уринганини маълум қилди. Бундан ташқари, Россия ҳарбий идораси таъкидлашича, украиналик ҳарбийлар РФ қуролли кучлари позицияларини 444 марта ўққа тутган ва дронлар билан 900 марта зарба берган, натижада «тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар ва ярадорлар бор».
Шу билан бирга, вазирлик Россия қўшинларининг барча гуруҳлари «махсус ҳарбий амалиёт зонасида» 19 апрел куни соат 18:00 дан бошлаб «ўт очишни тўхтатиш режимига қатъий риоя қилгани» ва «илгари эгалланган марралар ва позицияларда қолгани»ни таъкидлаган.
19 апрел куни соат 23:00 атрофида Херсон областининг Россия томонидан тайинланган губернатори (регионнинг фақат бир қисми Россия ҳарбийлари назоратида) Владимир Салдо ҳам Украина қуролли кучларини сулҳ вақтида зарбалар беришда айблади. Унинг сўзларига кўра, соат 18:00 дан бошлаб (яъни Путин томонидан эълон қилинган сулҳ бошланганидан бери) Алешка, Голая Пристани ва Каховкада дрон ҳужумлари қайд этилган. «Шу билан бирга, тўғридан тўғри айтиш муҳим: қатор ҳудудларда сукунат амал қилмоқда, отишмалар бўлмаяпти», – дея қайд этди Салдо.
Бундан ташқари, 20 апрел куни эрталаб ТАСС агентлиги оператив хизматларга таяниб, Донецк шаҳрида зарбалар оқибатида камида учта портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берди.
Украина
Володимир Зеленский Путин томонидан эълон қилинган сулҳга жавобан агар Россия ҳақиқатан ҳам тўлиқ ва сўзсиз сукунат форматига «тайёр бўлса», Украина «сукунатга жавобан сукунат, зарбалардан ҳимояланиш учун зарбалар» шаклида ҳаракат қилишини айтди. Бундан ташқари, у агар тўлиқ сукунат чиндан ҳам ўрнатилса, уни яна 30 кунга узайтиришни таклиф қилди. «Бу Россиянинг асл ниятларини кўрсатади, чунки сарлавҳалар учун 30 соат етарли, аммо ҳақиқий ишончни мустаҳкамлаш чоралари учун эмас», – дея қўшимча қилди Зеленский.
BBC’нинг украиналик манбасига кўра, Украина қуролли кучлари 19 апрел куни кечқурун, Путин эълон қилган Пасха сулҳи бошланганидан бир неча дақиқа ўтгач, Россия позицияларига ўт очишни тўхтатиш ва қоидабузарликларни ҳужжатлаштириш, зарурат бўлганда, жавобан ўт очиш буйруғини олган (бундай буйруқ олинганини CNN манбаси ҳам тасдиқлади).
Кейинги соатлар давомида Зеленский Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг қоидабузарликлар ҳақида гувоҳлик берувчи учта ҳисоботини тақдим этди – 19 апрел куни соат 22:00 ҳолатига кўра, шунингдек, 20 апрел куни соат 6:00 ва соат 12:00 ҳолатига кўра. Украина президентининг сўзларига кўра, Россия қўшинлари ўққа тутиш, дронлардан фойдаланиш ва ҳарбий ҳаракатлар олиб боришни давом эттирган, «Путиннинг Пасха баёнотлари» Курск ва Белгород областлари ҳудудида умуман амал қилмаган. Хусусан, 19 апрел куни соат 18:00 дан ярим тунгача Россия армияси томонидан 387 бор ўққа тутиш ва 19 та ҳужум ҳаракати қайд этилган, шунингдек, 290 та дрон қўлланган, деди Зеленский. Ярим тундан соат 12:00 гача Россия армияси аллақачон 26 та ҳужум ҳаракатларини амалга оширди, дея аниқлик киритди у кейинроқ.

















