Россия мудофаа вазирлиги президент Владимир Путин томонидан эълон қилинган «Пасха сулҳи» муддати якунлангани ва ҳарбий амалиёт қайтадан тикланганини эълон қилди. Россия ҳарбийлари Белгород, Харкив, Донецк ва Херсон областларидаги юриш амалиётлари тўғрисида маълумот берган.

Вазирлик баёнотида таъкидланишича, вақтинчалик сулҳ амал қилган давр мобайнида «махсус ҳарбий амалиёт ҳудудидаги барча қўшинлар ўт очишни тўхтатиш режимига қатъий риоя этган ҳамда олдин эгалланган марраларда қолган».

«Пасха сулҳи»ни Путин 19 апрел куни кечқурун бир томонлама тартибда эълон қилганди. У шанба куни соат 18:00 дан душанба кунига қадар Россия қўшини бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишини маълум қилганди. Украина президенти Володимир Зеленский ҳам агар россиялик ҳарбийлар сукунат режимига амал қиладиган бўлса, украин армияси ҳам шундай йўл тутишини ваъда қилганди.

Сулҳга риоя қилиниши устидан қандайдир мустақил назорат йўқ эди. Натижада томонлар бир ярим кун давомида мунтазам равишда бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айблаб келди. Зеленский 20 апрел куни тонгида Россия қўшинлари «сулҳ таассуротини яратишга ҳаракат қилаётгани», аммо фронт чизиғида олдинга силжишга уринишларини тўхтатмаётганини айтиб чиқди. Шу билан бирга, Украина ҳарбийлари баъзи йўналишларда ҳужумлар интенсивлиги пасайганини тасдиқлади. 21 апрел куни эрталаб эса Зеленский бир ярим кун ичида Россия ҳарбийлари томонидан сулҳни бузиш бўйича 2935 та ҳолат қайд этилганини маълум қилди.

Россия мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботида Украина қуролли кучлари ўт очишни тўхтатиш режимини 4900 марта бузганини иддао қилди. Россия ҳарбий идорасининг таъкидлашича, Украина қуролли кучлари Курск области ва Донбассда ҳужумлар уюштирган, шунингдек, дронлар ва артиллерия билан Россия қўшинлари позицияларига зарбалар йўллаган.

Шу билан бирга, Киев ҳам, Москва ҳам душман томонидан жанговар ҳаракатлар интенсивлиги пасайганини тан олишди. Якшанба куни кечқурун Зеленский «ҳеч бўлмаганда ҳаво тревогаси бўлмагани»ни қайд этди. У ҳаводан узоқ масофали қуроллар билан ҳужум қилинмаслигини «эришилган ва давом эттириш энг осон бўлган сукунат формати» деб атади. Украина президенти 30 кун муддатга узоқ масофали қуроллар билан ҳаво ҳужумлари йўллашдан воз кечишни таклиф қилди.

«Украина фуқаролик инфратузилмасига узоқ масофали дронлар ва ракеталар билан ҳар қандай зарба беришдан камида 30 кун муддатга воз кечишни таклиф қилади. Агар Россия бундай қадамга рози бўлмаса, бу унинг бундан кейин ҳам фақат одамлар ҳаётини вайрон қиладиган ва урушни давом эттирадиган ишларни қилишни хоҳлаётганининг исботи бўлади», – деди Зеленский.

АҚШ Давлат департаменти Зеленскийнинг ярашувни узайтириш таклифини олқишлади. Аммо Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков навбатдаги брифингда Кремлнинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги баёноти бир марталик бўлгани ва янги сулҳ ҳали режалаштирилмаганини маълум қилди. «Сиз мудофаа вазирлигимизнинг ҳарбий нуқтайи назардан баҳо бериш ваколатига эга бўлган баёнотини эшитдингиз. Баҳо берилди. Украина томонидан қоидабузарлик ҳолати бўйича маълумотлар берилди. Бошқа қўшимча қиладиган гапим йўқ. Бу президент Путиннинг Пасха ташаббуси эди», – деди у журналистларга.