АҚШ Давлат самарадорлиги департаменти раҳбари Илон Маскнинг амалдорлардан ҳафта давомида амалга оширилган ишлар ҳақида ёзма ҳисобот беришни талаб қилган буйруқларини Американинг кўплаб идоралари очиқдан-очиқ саботаж қилмоқда. Бошқалар эса буни фақат расмиятчилик учунгина ижро этади. Бу ҳақда The Washington Post хабар бермоқда.

Маск 22 феврал куни давлат хизматчиларидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот беришни талаб қилган. Барча федерал идораларга ҳар бир ходимдан бир ҳафтада бажарилган бешта ишни санаб ўтиш талаб қилинган хатлар келган. Маск «жавоб берилмаслиги истеъфога чиқиш сифатида баҳоланиши»ни айтган.

Баъзи идоралар эса аввалбошидан бундай талабларни бажаришдан бош тортган. Хусусан, Маскнинг директивасидан икки кун кейин бўлиб ўтган ҳукумат аппаратининг юқори мансабдор шахслари иштирокидаги брифингда кадрлар хизмати бошқармаси вакиллари ташаббусни ихтиёрий деб ҳисоблашларини, ходимлар аллақачон юборишга улгурган ҳисоботларга эътибор қаратилмаслигини айтишди.

Умуман олганда, Маскнинг ғояси кучли қаршиликка учради, жумладан, Доналд Трампнинг баъзи энг яқин маслаҳатчилари ва Америка вазирлари томонидан ҳам. Шу сабабли Оқ уй ҳам кўп ўтмай ходимлар ҳар ҳафтадаги ютуқлар рўйхатини юбориши керак ёки керакмаслигини вазирларнинг ўзи ҳал қилиши мумкинлигини эълон қилди.

Хулоса қилиб айтганда, деб ёзади The Washington Post газетаси, ҳукуматда Маскнинг талаблари бўйича сиёсат изчил эмас. Баъзи агентликлар ходимлардан хатларни талаб қилишни бутунлай тўхтатган, бошқалари эса уларни талаб қилади, лекин уларнинг мазмунини текширмайди ёки жавобларни таҳлил қилмайди. Ҳозир ҳам ҳар ҳафта ҳисобот юборадиган кўплаб расмийлар ҳар сафар бир хил қолипда ёзишмоқда.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги март ойи охирида ходимларга хат юбориш «рағбатлантирилиши, аммо мажбурий эмас» деб ҳисобланишини маълум қилганди. Миллий соғлиқни сақлаш институтлари (Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасаси) апрел ойидан бошлаб ходимларни энди хат ёзиш керак эмаслигидан огоҳлантириб, агентликнинг «ўз самарадорлигини баҳолаш жараёнлари» борлигини қайд этган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги амалдорларига дастлаб хатларга жавоб бермаслик кераклиги ҳақида кўрсатма берилган, кейин эса жавоб бериш мумкинлиги, ундан ҳам кейинроқ эса – бу зарурлиги, аммо «мутлақо шарт эмаслиги» айтилган. Кўплаб ходимлар умуман жавоб бермасликка қарор қилишган, баъзилари эса хабарларни кўриб чиқаётган одамларни ёки дастурни «чалкаштириш» учун рус тилида жавоб бера бошлаган, деб ёзади The Washington Post.