24 апрел куни Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз, 14 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Марказий банк нима сабабдан бундай қарор қабул қилинганини изоҳловчи расмий пресс релизни эълон қилди.

Регуляторга кўра, сўнгги ойларда шаклланган умумий ва базавий инфляция кўрсаткичлари инфляцион жараёнлар ва вазиятнинг муаллақ ҳолатда қолаётганини кўрсатмоқда. Ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликлар ҳамда ташқи ноаниқликларнинг кучайиб бориши билан боғлиқ хатарлар пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий, жорий даражасида сақлаб қолишни тақозо этган.

“Ушбу қарор инфляция кўрсаткичлари ва кутилмаларини барқарор пасайиш трендига қайтаришга ва ўрта муддатли истиқболда 5 фоизлик таргетга эришиш учун етарли шароит яратишга хизмат қилади”, - дейилади расмий хабарда.

МБ маълумотларига кўра, йил бошидан умумий инфляция даражаси ўсувчи трендга ўтиб, март ойида йиллик 10,3 фоизни ташкил этди. Айни пайтда, базавий инфляция ҳам тезлашишда давом этиб, йиллик 8,1 фоизга етди. Бу, ўз навбатида, нархларга таклиф омиллари билан бир қаторда талаб омиллари ҳам оширувчи таъсир кўрсатаётганини акс эттирмоқда.

“Ёқилғи ва энергия таъминоти яхшиланиши ҳамда алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланиши таъсирида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари март ойида пасайган бўлса-да, жорий инфляция кўрсаткичларидан юқори даражада қолмоқда.

2024 йилдаги энергия нархлари эркинлаштирилишининг бирламчи таъсири II чорак якунида тугаб, умумий инфляция учун пасайтирувчи таъсирга эга бўлади. Бундан ташқари, халқаро савдо шароитларининг ёмонлашиши глобал истеъмол нархлари билан бир қаторда ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши ва ташқи инфляцион босимларнинг кучайиши хавфини оширмоқда”, - дейилади регулятор хабарида.

Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил якунига қадар умумий инфляция кўрсаткичи 7-8 фоизлик прогноз коридорининг юқори чегарасига яқин даражада шаклланиши кутилмоқда.

Биринчи чоракда ялпи истеъмол ва инвестицион фаолликнинг ошиши ҳисобига иқтисодий ўсиш 6,8 фоизгача тезлашди. Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг юқори ўсиши ҳамда кредитлаш суръатларининг тезлашиши ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватламоқда.

Регулятор 2025 йилда юқори иқтисодий фаоллик ҳисобига ялпи ички маҳсулот ўсиши тенденцияси давом этиб, йил якунида 6 фоиз атрофида шаклланишини прогноз қиляпти. Бунда хусусий инвестициялар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи омил бўлиб, товар ва хизматлар таклифининг ортишига хизмат қилади.