Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғарбий соҳилда минглаб одам қувғинга учрамоқда

Исроил Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилида энг йирик мажбурий кўчириш амалиётини амалга оширди. 1967 йилдан буён илк бор 40 минг фаластинлик ўз уйларидан мажбуран кўчирилди. Оқибатда, минглаб оилалар бошпанасиз қолди.

Қарор Ғарбий соҳилдаги Тулкарм ва Нур-Шамс қочқинлар лагерларига қилинган вайронкор рейдлар ортидан қабул қилинди. Рейдлар натижасида шаҳар ҳудудларида кенг кўламли бузғунчиликлар қайд этилди.

Халқаро кузатувчилар мазкур ҳаракатларни инсон ҳуқуқлари бузилиши деб баҳоламоқда. Улар Исроил ҳукуматига фаластинликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва зўравонликка барҳам бериш чақириқлари билан чиқди.

Ҳарвард Фаластин учун курашда давом этади

АҚШнинг энг қадимий ва бой университети Ҳарвард раҳбари Алан Гарбер таълим муассасаси академик эркинлигини ҳимоя қилишда давом этишини маълум қилди.

Бу баёнот Доналд Трампнинг 9 миллиард долларлик молиялаштиришни музлатиш таҳдиди фонида янгради. Гарбер Ҳарвардда аксилмусулмон ва аксилфаластин чиқишларга қарши кураш бўйича танқидий ва оғриқли ҳисобот тайёрланаётганини эълон қилди.

Келиб чиқиши яҳудий бўлган Гарбер Трампнинг ҳаракатларини ноқонуний, ҳукуматнинг антисемитизм бўйича баҳонасини эса асоссиз деб атади. Унинг таъкидлашича, бу чоралар талабалар, олимлар ва АҚШнинг олий таълими нуфузига жиддий таҳдид солмоқда.

Ҳарвард президенти антисемитизм ва аксилисроил кайфияти ҳамда аксилмусулмон ва аксилфаластин чиқишларга қарши икки алоҳида ҳисобот тайёрланаётганини маълум қилди. Гарбер бу гуруҳлар ўтган йили ташкил этилганини ва уларнинг ҳисоботлари очиқ ва оғриқли бўлишини таъкидлади.

Покистон тотал уруш ҳақида огоҳлантирди

Покистон мудофаа вазири Ҳаважа Асиф мамлакат Ҳиндистоннинг Кашмирдаги терактга алоқадорлик айбловларини қатъий рад этганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу воқеа «бегона байроқ остидаги операция» бўлиши мумкин. Асиф Покистоннинг Кашмирда фаолият юритаётган ҳеч қандай қуролли гуруҳлар билан алоқаси йўқлигини билдирди.