Ҳар икки жамоа ҳам ла лиганинг сўнгги уч турида ғалабали серия қайд этган бўлса-да, «Реал» ва «Барселона» класикога турли ҳолатда етиб келди. Каталонияликлар бу сафар ҳам осон ғалабага эришадими? Мадридликларнинг имконияти нимада? «Чемпионат» колумнисти Георгий Илюшченко Испания Кубоги финали арафасида шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилди.

«Барселона» нима учун фаворит?

Ҳанси Флик бошқаруви даврида «Барселона» фаол прессинг қиладиган ва рақиблар майдоннинг ўз дарвозаси томонидаги қисмида бемалол узатма оширишига йўл қўймайдиган жамоага айланди. Бунга кўп жиҳатдан мудофаа чизиғини анча юқори жойлаштириш орқали эришилади. Баъзида эса ошириб ҳам юборишади. Каталонияликлар ташаббусни ўз қўлига олиб, ўзлари учун одатий бўлган пас ўйнаш билан шуғулланишади. Тўп йўқотилиши биланоқ, орқага югуриш ўрнига, дарҳол тўпни олиб қўйиш учун ташланишади, рақиб футболчилари бўш зоналардан маҳрум қилиб, уларга эркин ҳаракатланишга имкон бермайди.

Голлар бўйича яққол устунлик сабаби ҳам шунда. Ла Лигада ҳам («Реал»нинг 66 голига қарши 89), Чемпионлар Лигасида ҳам: умумий гуруҳ босқичида 28 та гол (энг яқин кўрсаткич «Боруссия» томонидан қайд этилганди - 22 та гол), плей-оффдаги тўрт ўйинда яна тўққиз гол урилди. Бундай ҳолдан тойдирадиган услубга қарши чора топиш қийин. «Реал»нинг кучли давридаги плеймейкерлар - Кроос ва ёшроқ Модрич билан буни амалга ошириш ҳозирги «Реал»дан кўра анча осонроқ бўларди. Нима бўлганда ҳам, Лука ёши ўтгани сайин юқори темпни ушлаб туришга қийналмоқда.

Мадридликлар футболи эса хаотик кўринишда. Жамоага уйғунлик ва мослашувчанлик етишмаяпти. «Реал» феврал охиридан буён ҳеч бир рақибни иккита ёки ундан кўп тўп фарқи билан енга олмаган. Олти ўйинда биттадан ортиқ гол урилмаган. Аралаш таркибдаги «Атлетик» билан ўйинда катта қийинчилик билан сўнгги дақиқаларда ғалабага эришилди, «Хетафе» эса Куртуага жуда кўп муаммо туғдирди. Балки «Алавес» билан ўйин осонроқ кечган бўларди, аммо Мбаппе биринчи бўлимдаёқ қизил карточка олиши бунга йўл қўймади. Якунда жамоа ярим соатдан ортиқ вақт мобайнида озчиликда ўйнаб, тўпга эгалик қилиш ва зарбалар бериш бўйича рақибдан ортда қолди.

«Арсенал» билан жавоб ўйинида учта гол урилиши керак бўлганида, футболчилар фақат жарима майдонига манзилсиз тўп оширишдан бошқа йўл топа олмади. «Барса» билан финал ўйинига характернинг ўзига таяниб ўйнаш янада қийинроқ. «Леганес» ва «Вилярреал» билан ўйинларда минимал ҳисобларда ғалаба қозонилганди, аммо ўйин борасида яққол устунлик кузатилмаганди.