Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

ҲАМАС беш йиллик сулҳга тайёр

ҲАМАС Ғазодаги урушни тўхтатиш ва гаровга олинган барча исроилликларни озод қилиш шартлари асосида беш йиллик сулҳ тузишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда гуруҳ вакили Қоҳирада воситачилар билан музокаралар арафасида маълум қилди.

Исроил ҳозирча ҲАМАСнинг сўнгги таклифларига изоҳ бермади. Музокаралар Қатар ва Мисрнинг фаол воситачилигида ўтмоқда. ҲАМАС қуролларни ташлашни муҳокама қилмаслигини айтган, бу эса Исроилнинг асосий талабларидан биридир.

Исроил сўнгги пайтларда 45 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва 10 нафар гаровдаги шахсни қайтариш таклифини берган эди, лекин ҲАМАС бу таклифни рад этиб, кенг қамровли келишув таклиф қилмоқда. Сулҳ тузишда Исроил қўшинларининг Ғазодан чиқиши ва инсонпарварлик ёрдамини ошириш ҳам талаб қилинмоқда.

Ғазода урушдан жабрланганлар сони эса кундан кунга ортиб бормоқда: мартдан буён камида 2111 фаластинлик ҳалок бўлган, умумий қурбонлар сони эса 51 минг 495 нафарга етди.

Трамп: «Ғазога нисбатан раҳмдил бўлиш керак»

АҚШ президенти Доналд Трамп Бинямин Нетаняҳу билан суҳбатида Ғазога озуқа ва дори-дармон етказишга рухсат беришни сўраганини маълум қилди. У «Ғазо халқининг азоб чекaётгани»ни таъкидлаб, уларга раҳмдиллик кўрсатиш лозимлигини билдирди.

Март ойининг бошларидан буён Ғазога ҳуманитар ёрдам киритилмаяпти. Исроил барча гаровга олинган шахслар озод этилмагунча ёрдамни тўхтатиб туришини билдирди. БМТнинг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури эса 25 апрел куни Ғазода захиралари тугаганини эълон қилди.

Трамп биринчи рақамли борт саҳнида журналистларга интервю берар экан, «Ғазода дори-дармон ва озиқ-овқатга шошилинч эҳтиёж бор ва бу масала ҳал этилмоқда», дея маълум қилди. Унинг таъкидига кўра, Нетаняҳу бу талабни «яхши қабул қилган».

Эрон портидаги портлаш: миллий мотам эълон қилинди

Эроннинг Кўрфаз соҳилида жойлашган Бандар Аббос шаҳридаги Шаҳид-Ражоий портида содир бўлган кучли портлаш натижасида ҳалок бўлганлар сони 36 нафарга етди, 1200 дан зиёд киши тан жароҳати олди. Эронда фожиа муносабати билан миллий мотам эълон қилинди.