Ортда қолаётган ҳафта воқеаларга бой бўлди. Осиёда яна бир хавфли можаро авж олиб, Ҳиндистон ва Покистон уруш ёқасига келиб қолди. Охирги кунигача инсониятни урушларни тўхтатишга чақирган Рим папаси Францискнинг жанозаси ҳам уруш муҳокамаси учун хизмат қилди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафта давомида дунёмизда содир бўлган шу ва бошқа муҳим воқеаларни ёдга оламиз.

Ҳиндистон ва Покистон можароси

Ҳафтанинг энг хавотирли воқеаси Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар таранглашгани бўлди. Барчаси Кашмирда содир этилган терактдан бошланди. 22 апрел куни олти жангари Кашмирнинг Ҳиндистонга қарашли ҳудудида 26 сайёҳни отиб ўлдирди. Деҳли бунда Покистонни айблаб, қўшни давлат фуқароларига берилган барча визаларни бекор қилди. Покистон ҳам шундай қилди.

Вазият шунчаликка бордики, Ҳиндистон Покистонга борадиган дарёларни тўсиб қўйиш билан таҳдид қилиб, 1960 йилда имзоланган сув бўйича келишувдан чиқди. Икки ядровий давлат уруш ёқасига келиб қолгани бутун дунёда хавотир уйғотди. Икки қўшни ўртасидаги муносабатлар анчадан буён бунақа таранг ҳолатга келмаганди.

Рим папаси вафот этди

21 апрел куни Ватиканда аргентиналик Хорхе Марио Берголо ёки шунчаки Рим папаси Франциск 90 ёшида вафот этди. Рим католик черкови епископи, яъни Рим папаси лавозимига одатда европалик роҳиблар сайланади. Францисккача 1200 йил давомида бу анъана бузилмаган. VIII асрдагина суриялик Григорий III папа лавозимига сайланган. Франциск Аргентинага кўчиб борган италян муҳожирлари оиласидан чиққан роҳиб эди.

26 апрел куни Ватиканда папа билан видолашув маросими ўтказилди. Унга бутун дунёдан юқори мартабали меҳмонлар боришди. Айнан шу маросим сабаб Италия бош вазири Жоржия Мелони Самарқандга ташрифини бекор қилишга мажбур бўлди.

Рим папаси охирги йилларда инсониятни урушларни, қирғинларни тугатишга чақириб келди. Энг охирги оммавий чиқишида ҳам Ғазодаги урушни тугатишга чақирганди. Папанинг дафн маросими ҳам уруш муҳокамаси учун хизмат қилди десак бўлади. Маросимда қатнашган Доналд Трамп ва Володимир Зеленский иккита стулни тўғрима-тўғри қўйиб ўтиришди-да, урушни муҳокама қилишди. Бу уларнинг Овал кабинетдаги жанжалдан кейинги илк учрашуви бўлди. Оқ уй учрашувни самарали деб баҳолади.

Россияда: қурол омборида портлаш ва генерал ўлими

Ҳафта давомида Россиянинг Владимир областида жойлашган ўқ-дори омборида жиддий портлаш содир бўлди. Расмий хабарга кўра, хавфсизлик талаблари бузилгани сабаб детонация юзага келган. Бу ҳарбий базада катта миқдорда ракета ва ўқ-дорилар сақланган. Кейинроқ портлашга Украина дрони ҳужуми сабаб бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Портлаш содир бўлган ҳудудда Россия Мудофаа вазирлигига Бош ракета-артилерия бошқармасига тегишли 51-арсенал жойлашган. Мустақил нашрларга кўра, айнан мана шу омбор портлаган. Снаряд парчалари бир неча км.га сочилиб кетган. Ёнғин бир неча кун давом этиб, уни ўчиришга вертолётлар жалб қилинган.