Қайд қилинишича, вилоятда камбағаллик даражаси 12 фоиз атрофида, 45 минг фуқаро ишсиз. Шунинг учун ҳокимлар ва ўринбосарлари ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, янги иш ўринлари яратиши, саноат, сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги, экспорт салоҳиятини янада ошириши зарурлиги айтилди.
Давлат раҳбари бу соҳалардаги имкониятлар ва уларни ишга солиш чораларини кўрсатиб ўтди. Масалан, туризм экспорти салоҳияти 10 миллиард доллар бўлса, шунинг 2 миллиард доллари айнан Хоразмга тўғри келади. Афсуски, бу тўлиқ ишга солинмаяпти.
Вилоят бўйича 263 та маданий мерос обидаси мавжуд. Тадбиркорлар билан ҳамкорликда улар туристик масканга айлантирилса, қўшимча даромад ва иш ўринлари бўлади. Шунингдек, чет элдан тажрибали археологларни жалб қилиб, тарихий жойларни аниқлаш ва тиклашга маблағ ажратилади.
Хоразмда 40 дан ортиқ ҳунармандчилик йўналишлари ривожланган бўлиб, сайёҳлар маҳсулот тайёрлаш жараёнига ҳам қизиқади.
Туризмда овқатланиш жойлари жуда муҳим. Президент миллий таомларни чет элларда танитаётган рестораторларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Хорижда ўзбек ресторанлари ташкил қилишда рўйхатдан ўтиш, рухсатнома ва иш юритиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми қоплаб берилиши белгиланди.

Меҳмон ўринлари ва транспорт қатновларини кўпайтириш, янги кўнгилочар ва тематик масканлар барпо этиш, гид ва официантлар тайёрлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Умуман, бу йил жами 200 миллион долларлик 91 та лойиҳани бажариш, туризм ва хизматлар соҳасида 100 мингта иш ўрни очиш вазифаси қўйилди. 2 миллион хорижий ва 10 миллион маҳаллий сайёҳ жалб қилиб, туризм экспортини 700 миллион доллардан ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Иқтисодиёт соҳасида ҳам имконият кўп. Бу йил Хоразмда камида 6 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 60 триллион сўмдан ошириш кўзда тутилган. 265 минг аҳолини банд қилиб, 104 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиш мўлжалланган.
Масалан, хусусийлаштириш дастурига асосан 2025 йилда вилоятда 41 та давлат биноси, 350 гектар ер участкаси савдога қўйилаяпти. Бу хизмат кўрсатиш, туризм ва ишлаб чиқариш соҳалари учун катта имконият.
Сўнгги саккиз йилда Хоразмда мебель саноати 3 карра ўсди. Хонқадаги 10 гектар ерда мебелчилик зонаси ташкил этилди. Бу тармоқни янада ривожлантириш учун хориждан дизайнер, маркетолог, инженер-технолог олиб келинади. Умуман, бу соҳага қўшимча туртки бериш учун махсус дастур тайёрлаш топшириғи берилди.
















