Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
БМТ: Исроил Ғазода журналистларни атайлаб ўлдирмоқда
Исроил кучлари томонидан Ғазо секторида журналистлар атайлаб ўлдирилмоқда. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигининг босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги вакили Ажит Сунгай Бутунжаҳон матбуот эркинлиги кунида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда Фаластин эксклави ОАВ ходимлари учун дунёдаги энг хавфли жойлардан бири ҳисобланади.
Журналистлар Ғазо сектори, босиб олинган Ғарбий соҳил ва Фаластин ҳудудларидаги воқеаларни ёритишга ҳаракат қилиб, фавқулодда иш олиб бормоқда.
«Фаластин журналистлар иттифоқи маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери 210 дан ортиқ фаластинлик мухбир ўлдирилган. Кўп ҳолларда бу қасддан қилинган деб ҳисоблаймиз. Бунга ишора қилувчи аломатлар бор. Улар ўз касбий вазифаларини бажараётганда отиб ташланган», — деди у.
Сунгай Ғазодаги каби қисқа вақт ичида бунчалик кўп журналист ўлдирилганини ҳеч қачон кўрмаганлигини таъкидлади.
АҚШ Россия ва Киев ўртасида «чопиб юрадиган» воситачи бўлмайди
Вашингтон Россия ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича ёндашувини ўзгартирмоқда ва музокараларда воситачилик қилиш учун энди «чопиб юрадиган» воситачи бўлмайди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс маълум қилди.
Давлат котиби Марко Рубио АҚШнинг ҳамкорлик формати ўзгаришини очиқ айтди, аммо тинчликка эришиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш сақланиб қолмоқда, деди Брюс. Шу билан бирга, Вашингтон Россияга қарши жорий санкцияларни бекор қилишни режалаштирмаяпти, деди Давлат департаменти вакили.
Брюс, шунингдек, можаронинг ҳар икки томонига урушни ўзи тугатиши учун реал қадамларни таклиф қилиш ва ишлаб чиқиш вақти келганини таъкидлади.
Аввалроқ АҚШ давлат котиби Марко Рубио Fox News телеканалига берган интервьюсида Москва ва Киевнинг позициялари бир-биридан анча узоқлигича қолаётганини айтган эди. «Путин бутун Украинани эгаллаб ололмайди, Украина эса Россияни 2014 йилгача бўлган позициясига қайтара олмайди», деди Рубио.
“















