Хитойда улгуржи савдогарлар даврасида ёки савдо ярмаркалари вақтида Доналд Трамп исмини тилга олсангиз, улар мийиғида кулиб қўйишади. АҚШ президенти ва унинг 145 фоизлик тарифлари кўплаб хитойлик савдогарларни қўрқита олмади, деб ёзади BBC мухбири Лаура Биккер.

Трампнинг тарифлари интернетдаги хитойлик миллатчилар армиясини кўплаб мемлар ясашга, сунъий интеллект ёрдамида масхараомуз рилслар тайёрлашга ундади. Миллионлаб марта кўрилган бу видеоларда Трамп, вице-президент Жей Ди Вэнс ва миллиардер Илон Маск пойабзал фабрикасида оёқ кийим тикаётгани, iPhone йиғиб ўтирганини кўриш мумкин.

Хитой бугун ўзини иқтисодий қийинчилик қаршисида турган халқдек тутаётгани йўқ. Мамлакат раиси Си Жинпинг ҳам Пекин ўз позициясидан қайтмаслигини очиқ айтди.

70 йилдан ошиқ вақтдан бери Хитой ҳамиша ўз-ўзига ишониш ва тараққиёт учун қаттиқ меҳнат қилиш тамойилларига содиқ қолиб келмоқда. Хитой ҳеч қачон бировнинг совғасига қараб қолмаган ва ҳеч қанақа уйдирма босимлардан қўрқмайди”, – деди Си апрел ойидаги чиқишларидан бирида.

Унинг бундай ишонч билан гапириши бежиз эмас: Хитой иқтисодиётининг АҚШга экспорт жиҳатдан боғлиқлиги ўн йиллар олдингидан анчагина камайган.

Шу билан бирга, бугун Трампнинг хурмача сиёсати Хитой иқтисодиётида аллақачон мавжуд бўлган муаммоларни чуқурлаштиряпти. Уй-жой бозоридаги инқироз, меҳнат бозоридаги тушкунлик ва аҳолининг қариб бораётгани фонида, Хитой аҳолиси ҳукумат хоҳлаганичалик сарф-харажат қилаётгани йўқ.

Си Жинпинг 2012 йилда ҳокимиятга келганида, Хитойга жўшқин тараққиёт суръатларини қайтариш орзусида эди. Ҳозир унинг бу ниятлари синовдан ўтмоқда – ва бу фақат АҚШнинг тарифлари билан боғлиқ эмас.

Си қаршисидаги ички иқтисодий чақириқлар

Хитойнинг 1,4 миллиард аҳолиси тўлиқ янги уйларга кўчиб ўтса ҳам, улар бўш хонадонларнинг ҳаммасини тўлдира олмаслиги мумкин.
Фото: STR / AFP / Getty Images

1,4 миллиард аҳолига эга Хитой, назарий жиҳатдан, катта ички бозорга эга, лекин муаммо шундаки, бу аҳоли сарф-харажат қилишдан ўзини тиймоқда. Сабаби, мамлакатнинг иқтисодий келажаги бўйича прогнозлар ноаниқ.