Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

БМТ дунё етакчиларини Ғазо аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашга чақирди

Гуманитар ёрдам Фаластин эксклавига 9 ҳафтадан бери етиб бормаяпти, чунки Исроил юкларни етказиб беришга тўлиқ блокада жорий этган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунё етакчиларини гуманитар инқироз кучайиб бораётган Ғазо секторидаги тинч аҳолига озиқ-овқат етказиб беришни таъминлашга чақирди.

«Бизда блокада олиб ташланган заҳоти тарқатиш учун тайёр бўлган катта миқдордаги захирамиз бор. Биз дунё етакчиларини бунинг амалга ошиши учун ўз таъсиридан фойдаланишга чақирамиз. Ҳозир бунинг вақти», — дейилади БМТнинг ҳуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси баёнотида.

Бошқарма Исроилнинг тинч аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш учун жанговар зоналарга йўналтириш режасини «асосий гуманитар тамойилларга зид» деб атади.

БМТ маълумотларига кўра, тўққиз ҳафтадан бери Ғазога ёрдам етиб бормаган, инсонпарварлик ёрдамини тасдиқлаш ҳақидаги аксарият сўровлар рад этиляпти.

Исроил ҳарбий маҳкамаси Ғазо секторини «тўлиқ эгаллаб олиш» режасини маъқуллади

Исроил ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси Ғазо секторидаги «ҳудудларни тўлиқ босиб олиш» ва улар устидан «барқарор назорат» ўрнатишни назарда тутувчи “Ҳамас ташкилотини йўқ қилиш» бўйича оператив режани тасдиқлади. Бу ҳақда Исроил бош вазири девонининг маслаҳатчиси Дмитрий Генделман маълум қилди.

Режани тақдим этган Исроил Мудофаа кучлари бош штаб бошлиғи Эял Замир: «Биз Ҳамасни йўқ қилиш йўлидамиз» деди. Нетаняху ҳарбий-сиёсий вазирлар маҳкамаси йиғилишида режани «реал ва самарали» деб атаган ҳамда «Ҳамасни мағлуб этишини ва [исроиллик] гаровга олинганларни қайтаришини» қўшимча қилган.

Ҳукумат раҳбарининг таъкидлашича, аввалги операциялардан фарқли ўлароқ, гап мақсадли рейдлар ҳақида эмас, балки «ҳудудларни тўлиқ босиб олиш ва улар устидан барқарор назорат ўрнатиш ҳақида». Режага Ғазодаги ҳудудларни қўлга олиш ва ушлаб туриш; тинч аҳолининг хавфсизлиги учун жанубга кўчириш; Ҳамасни инсонпарварлик ёрдамидан маҳрум қилиш; уларнинг инфратузилмаси ва қўмондонлик пунктларига оммавий зарбалар бериш киритилган.