6 май куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Яман бўйлаб зарбалар сериясини амалга оширди: тунда — Ҳудайда порти, кундузи — мамлакат пойтахти Сано шаҳридаги аэропорт бомбардимон қилинди. Ҳужумдан олдин ЦАҲАЛ маҳаллий аҳолига огоҳлантириш бериб, зудлик билан Сано аэропорти яқинидаги ҳудудларни тарк этишга чақирган.

Mohammed / Xinhua / ZUMA Press / Scanpix / LETA
Аэропорт тўлиғича ишдан чиқарилган: терминал, учиш-қўниш йўлаги ҳамда ҳарбий база яксон этилган, шунингдек, бир неча самолёт йўқ қилинган. Баджил шаҳридаги цемент заводи ва бир неча электр станциялар ҳам зарбалар остида қолган. Ямандаги «Ал-Масира» телеканали маълумотига кўра, уч киши ҳалок бўлган.
Бу объектларнинг барчаси «Ансор Аллоҳ» (ҳусийчилар) томонидан назорат қилинадиган ҳудудда жойлашган. Исроил мудофаа армияси баёнотига кўра, улар ҳусийчилар инфратузилмасининг бир қисми ҳисобланган: Ҳудайдадаги порт ва Сано аэропорти — «Ансор Аллоҳ» Эрондан олинган қуролларни ташишда фойдаланадиган транспорт тугуни вазифасини ўтаган, цемент заводи маҳсулотлари эса ерости бункерлари ва туннеллар қуришда ишлатилган.
Аэропорт бўйлаб зарбалардан кўп ўтмай АҚШ президенти Доналд Трамп ҳусийчилар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужум қилишни тўхтатишга рози бўлгани ва шунинг учун АҚШ уларнинг Ямандаги объектларига бошқа ҳужум қилмаслигини билдирди. Трамп ҳеч қандай тафсилотларни келтирмаган — ҳусийчилар кимга, қачон, қаерда ва айнан нима деганига аниқлик киритмаган.

Трампнинг баёнотидан кўп ўтмай Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусайдий АҚШ ва ҳусийчилар Маскат воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олганини маълум қилди. «Келгусида томонларнинг ҳеч бири бир-бирини таъқиб қилмайди, жумладан, Қизил денгиз ва Боб ал-Мандиб бўғозида Америка кемаларига ҳужум қилинмайди», – деди вазир. «Ал-Маядин» телеканали хабарида ҳусийчилар АҚШ билан тўғридан тўғри алоқаларда бўлмагани айтилган. AFP хабарига кўра, ҳусийчилар Исроилга қарши ҳужумларни давом эттиришга ваъда берган.






