Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 май куни тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини ошириш, дори истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда мамлакатдаги ҳар ўн минг аҳолига 27 нафар шифокор тўғри келиши, бу АҚШ, Буюк Британия, Финландия билан бир хил кўрсаткич экани айтилди. Туркия ва Канадада эса бу рақамлар 1,5 баравар кам ҳисобланади.
«Кўриб турибсиз, бизда тиббиёт ходимлари сонида ҳам, молиялаштиришда ҳам муаммо йўқ. Лекин, сифат-чи? Бу борада эътирозли саволлар жуда кўп», — деди Шавкат Мирзиёев.
Сўнгги 7 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағ 6 карра оширилди. Ҳудудлардаги шифохоналар моддий-техник жиҳатдан янгиланди. Илгари фақат пойтахтда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологик амалиёт вилоят ва туманларда ўтказилаяпти. Маҳалладаги бирламчи бўғин билан ихтисослашган хизматларни боғлайдиган тизим йўлга қўйилди.
Юртимизда ҳар ўн минг аҳолига 29 нафар шифокор тўғри келади. Бу АҚШ, Буюк Британия, Финляндиядаги билан бир хил, Туркия ва Канададагидан эса кўп. Лекин бизда иш самарадорлиги, даволаш сифати зўр эмас.
Масалан, маҳаллада бирламчи бўғин тўғри ишламагани учун туманларда касалланиш ва уларнинг оғир асоратлари камаймаяпти. Юқумли бўлмаган касалликлар мамлакатимиз иқтисодиётига ҳар йили 1 миллиард доллар атрофида зарар келтиряпти.
Тез тиббий ёрдамдаги жами чақирувларнинг тўртдан бири сурункали касаллиги бор беморларга тўғри келаяпти. Баъзи жойларда тез ёрдам худди поликлиникадек бўлиб қолган. Вилоят ва туман шифохоналарида ходимлар сони, ўринлар, маблағлар тўғри тақсимланмаган.
“Тиббий суғурта” тизимини жорий қилиш йилдан-йилга сурилиб келаяпти. Навбат ва хизматларни рақамлаштириш ҳам тўлиқ ишга тушгани йўқ.
Бу ишларда сусткашликка йўл қўйгани учун соғлиқни сақлаш вазирининг икки ўринбосари вазифасидан озод қилинди, яна бирига огоҳлантириш берилди.
Йиғилишда соҳанинг бирламчи бўғинини яхшилаш, касалликларнинг олдини олиш, тиббиёт ходимларининг билимини ва даволаш сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Аҳоли қамрови, касалликлар таҳлили ва мурожаатлар туридан келиб чиқиб, янгича иш тартиби белгиланди.
Аввало, бирламчи бўғин ислоҳ қилиниб, тиббиёт бригадаси ҳамда унга бириктирилган аҳоли ўртасида икки томонлама шартнома тузилади. Энди аҳоли оилавий шифокорни эркин танлайди, бу жараёнга хусусий шифокорлар ҳам жалб этилади.
















