Ассалому алайкум. Бугун 11 май, якшанба. Ортда қолаётган ҳафта давомида дунёда яна бир жиддий уруш бошланди. Ҳозирча навбатдаги эскалация ҳаво уруши кўринишида ўтди, лекин икки томонда ҳам ядровий давлатлар тургани вазиятни қўрқинчли қилиб турибди. Шунингдек, ҳафта давомида Трамп риторикасини ўзгартириб, энди Украинани танқид қилмай қўйди. «Барселона» «Олтин тўп»ни ютишга икки асосий даъвогар футболчиси билан Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, ҳафта давомида дунёда содир бўлган шу ва бошқа муҳим хабарларни ёдга оламиз.

Яна бир уруш

Ўтган ҳафтадаги кўрсатувимизда дунё яна бир хавфли уруш ёқасига келиб қолганини айтгандик. Бу ҳафта ниҳоят Кашмирдаги «порох бочкаси» портлади. 26 одам ўлдирилган терактда Покистонни айблаган Ҳиндистон қўшнисига ҳужум қилди. Деҳли ҳужумлар нишони Кашмирдаги терактни уюштирган гуруҳлар позицияси бўлганини маълум қилди. Покистон ҳам қараб турмади ва Ҳиндистонга ракета учирди, 5 та қирувчи самолётни уриб туширди.

Икки давлат чегарасида ҳам отишмалар бўлиб турибди, лекин асосий жанг ҳавода кечди. Ҳаво урушида икки томондан 125 та қирувчи самолёт қатнашди. Ҳар икки давлат учоқлари қўшни мамлакат ҳудудини кесиб ўтмаган. Баъзи ҳолатларда 160 кмдан туриб зарба берилган. Покистон мудофаа вазирлиги ҳиндларнинг 5 та қирувчиси йўқ қилинганини маълум қилди. Бу авиация замонавий тарихидаги энг йирик ҳаво жанги бўлиб тарихга кирди.

Москва аэропортларида коллапс

9 майдаги ғалаба парадига меҳмонлар келиши арафасида Украина Москвадаги аэропортларга дрон ҳужуми амалга оширди. 7 майга ўтар кечаси дрон ҳужуми хавфи сабаб Шереметево аэропорти рейсларни қабул қилишни тўхтатди. Кейинчалик Домодедово, Внуково ва Жуковский аэропортларида ҳам чекловлар жорий этилди. Авиакомпаниялар Москвага борадиган рейсларни бекор қила бошлади. «Аэрофлот»нинг ўзи Москвага учадиган 54 та, Москвадан учувчи 52 та рейсни бекор қилди. Украина президенти Зеленский «Москва осмони ҳақли тарзда хавфли экани»ни айтди.

Ҳафта саргардони – президент Вучич

Москвадаги парадга энг катта қийинчилик билан етиб борган меҳмон Сербия президенти Александр Вучич бўлди. Аввалига Латвия ва Литва Вучичнинг Москвага учажак самолётига ўз осмонини очмади. Кейин Москва аэропортлари дрон ҳужуми сабаб ёпилгач, Вучичнинг учоғи Бокуга фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Учоқ Озарбойжонда бироз тургач, Москвага учиб кетди.