«Манчестер Сити» АПЛни аллақачон тарк этиб улгурган «Саутҳемптон»га қарши ўйинда очко йўқотиб, барчани ажаблантирди. Хосеп Гвардиола Мармушни захирадан туширишга шошилмади, мисрлик футболчи эса кўпроқ вақтга эга бўлганида ўйинни қутқариб қолиши мумкин эди, асосий вақт якунига 6 дақиқа қолганида майдонга тушган футболчи ўйинни жонлантирди ва ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг биринчисида у йўллаган зарба дарвоза тўсинини титратди. Муҳим очколарни йўқотган «шаҳарликлар» нафақат учинчи ўринни, балки ЕЧЛга йўлланма берувчи кучли бешликдаги ўринни ҳам хавф остида қолдирди.
«Астон Вилла» эса ўз майдонида кучли ўйин кўрсатадиган «Борнмут»ни сафарда мағлубиятга учратиб, ўзидан талаб этиладиган ишни бажарди. Бу мавсумда жамоа тўпурари Уоткинс еттинчи марта Роджерснинг ассисти орқали гол урди. АПЛнинг жорий мавсумида бундан кўра сермаҳсул жуфтлик «Нюкасл»даги Мёрфи ва Исак тандеми ҳисобланади (8 гол). Бу ғалабадан кейин Унаи Эмери очколар сони бўйича «Нюкасл» ва «Челси»га етиб олди. Лекин бирмингҳэмликларнинг тақвими қийинроқ, жамоа сўнгги турларни «Тоттенҳэм» ва «МЮ»га қарши ўтказади. Бу икки ўйинда ғалаба қозонилган тақдирда, «Вилла» турнирнинг 20 жамоадан иборат форматидаги ўзи учун рекорд даражада 69 очко жамғариши мумкин.
«Челси» «Сент-Жеймс Парк» ўйингоҳид қаторасига тўртинчи бор мағлуб бўлди, ўйин аввалбошданоқ Энцо Мареска сценарийси бўйича кечмади. Тонали тезкор гол урди, 35-дақиқада эса кўклар озчилик бўлиб қолишди. Бу том маънода йўқ жойдан рўй берди, бу вазиятда меҳмонлар ҳужумга ўтганди, аммо Жексон Ботманга тирсак билан зарба бериб юборди. Аввалига арбитр унга сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланганди, аммо VAR уни монитор қаршисига таклиф қилди ва карточканинг ранги қизилга ўзгарди.
«Қарғалар» шусиз ҳам устунлик қилаётганди ва бу эпизод амалда ўйиндаги интригага барҳам берди. Бу ғалабадан кейин Эдди Ҳау учинчи ўринга кўтарилиб олди ва ўзининг энг шонли даврларидаги кўрсаткичларни қайд этмоқда. «Нюкасл»да 2002/03 йиллар мавсумидан буён бир чемпионат доирасида йигирматадан ортиқ ғалаба бўлмаганди, бир турнир доирасидаги икки ўйинда ҳам «Челси» мағлуб этилиши — охирги марта 38 йил олдин кузатилган. ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлаш учун энди «қарғалар» қолган икки ўйиндан бирида ғалаба қозониши кифоя — «Арсенал»га қарши сафарда ёки уйда «Эвертон» билан ўйинда.
«Челси»нинг вазияти эса оғирлашди, эндиликда Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи сўнгги бешинчи поғонада турган жамоа энг яқин таъқибчиси «Астон Вилла»ни фақатгина қўшимча кўрсаткичлар бўйича ортда қолдирмоқда. Лондонликлар «Ноттингҳэм»ни олдинга ўтказиб юбориши ҳам мумкин эди, аммо мавсум якунига келиб чарчаб қолган «ўрмончилар» якшанба куни лигани аллақачон тарк этиб бўлган «Лестер» билан ўйиндаги икки тўп фарқидан фойдалана олмади (2:2) ва энди «Челси»дан бир очко кам тўплаган ҳолда еттинчи ўринда келмоқда. Афтидан, барчаси сўнгги турда ҳал бўлади, охирги турда кўклар Ноттингҳэмда меҳмон бўлади. Лекин ундан олдин уйда «МЮ» билан ўйинда ҳам уч очко олиш керак бўлади.
Бир неча ой олдин бу жамоалар тўқнашуви титул учун ҳал қилувчи жангга айланган бўларди, ҳозир эса шунчаки икки номдор жамоанинг учрашуви бўлиб қолди. Аллақачон чемпионликни расмийлаштириб бўлган «Ливерпул» учун «Энфилд»да ютқазмаслик муҳим эди, лондонликлар эса ҳали ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлагани йўқ, қолаверса, Артета шогирдлари кучли олтилик жамоаларига қарши мағлубиятсиз серияни имкон қадар сақлаб қолмоқчи.
Ўйиннинг дастлабки қисмида меҳмонлар катта устунликка эришди, аммо аввалига стандарт вазият ижро этилганида Сака деярли яккама-якка вазиятда аниқ зарба бера олмади, бироз ўтиб лондонликлар рақиб жарима майдони ичида босим уюштириб тўпни олиб қўйганида Троссар ва Парти тўпни бир-бирига ишониб қолди ва вазият йўққа чиқди. Шундан кейин мезбонлар ўз сўзини айтишди ва рақиб ҳимоясидаги хатолардан фойдаланиб кетишди. Аввалига аутдан тўп узатилганда Гакпо илдамроқ ҳаракат қилиб ҳисобни очди, бир дақиқа ўтиб Диаш голдан ҳали ўзига келмаган меҳмонларни яна бир жазолади.
Одатда танаффусга қадар 2:0 ҳисоби — Ливерпулда қизилларнинг рақиблари учун ҳукм ўқилиши бўлади. «Энфилд»да мезбонлар биринчи бўлимдан шундай ҳисоб юзага келган қаторасига 36 ўйинда устунликни бой бермаган. Лекин «канонирлар» бу анъанани бузишди. Аввалига Габриэл Мартинелли танаффусдан кейиноқ ҳисобни қисқартирди — у Англияда энг кўп голини (12 ўйинда 6 гол ва 2 ассист) айнан «Ливерпул» дарвозасига урган. Кейин эса Мерино тўпурарлик салоҳиятини яна бир бор намойиш этди. Бу вазиятда асосий ишни жамоа сардори Эдегор бажарди, унинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбасини Алиссон амаллаб тўсинга йўналтирди, аммо майдонга қайтган тўпини испаниялик футболчи бошда дарвоза тўрига киритиб юборди.
Лекин Мерино ўйинни охиригача етказиб қўёлмади ва иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни қолганлардан эртароқ тарк этди. Шундан кейин меҳмонлар бор эътиборини ҳисобни ушлаб қолишга қаратди ва буни уддалади. Дарвозабон Райя эса ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда ван Дейкнинг бош билан йўллаган хавфли зарбасини қайтариб қолиб, бунга катта ҳисса қўшди. Лондонликлар «Ливерпул»га 1136 кундан буён ютқазмаяпти.
Мадриддаги ўйин Сёрлотнинг бенефисига айланиб кетди. Норвегиялик футболчи рақиб жарима майдони ҳудудида тепган тўп голга айланаверди ва у ўз тезкорлиги билан испаниялик статистикачиларни меҳнат қилишга мажбур этди. Скандинавиялик ўз ҳет-триги учун 3 дақиқаю 57 сония сарфлади, бу эса ла лигада сўнгги ўттиз йилликдаги энг яхши кўрсаткичдир. 1995 йилда машҳур бразилиялик Бебето ҳам шундай ритмда кетма-кет учта гол урганди. Ўйиннинг дастлабки ярим соати ичида қайд этилган покер эса — Испания чемпионати тарихидаги иккинчи шундай ҳолатдир. Биринчиси узоқ 1941 йилда — «Валенсия» футболчиси Мундо ижросида қайд этилган. Ажабланарлиси, ўшанда ҳам жабрланувчи жамоа «Реал Сосиедад» бўлган.
Класико куни Испанияда яна икки муҳим ўйин бўлиб ўтди, Билбао ва Севилянинг яшил-оқ қисми ЕЧЛ йўлланмаси учун муҳим ўйинларини ўтказди. Яқин вақтларгача тўртинчи ўринни ҳеч кимга бермайдигандек кўринган «Атлетик» сўнгги вақтларда сустлашган ва таъқибчиларини ўзига анча яқинлаштириб юборганди ва шанба куни «Вилярреал» «Жирона»га сўнгги дақиқаларда ғалаба голини уриб (1:0), очколар сони бўйича баскларга етиб олди. Якшанба кунги ўйинда эса Эрнесто Валверде бир амаллаб «Алавес»ни таслим этди, мезбонлар учун ҳал қилувчи автогол Сансетнинг саъй-ҳаракатларидан кейин урилди. Ушбу футболчи мавсум якунига қадар сафдан чиққани айтилганди, аммо Европа лигасида «МЮ»га қарши ўйинларда йўқлиги сезилган «Атлетик» етакчиси бу ўйинда захирадан майдонга тушди ва амалда ўйинни ҳал қилди.
Бу ғалабадан кейин «Атлетик» яна бешинчи ўриндан уч очколик фарқни юзага келтирди, турнинг охирги ўйини натижаси эса турнир жадвалидаги вазиятни билбаоликлар учун максимал даражада қулайлаштирди. Икки фронтда кураш олиб бориб, толиқиб қолган «Бетис» «Осасуна»га қарши ўйинда ғалабали ҳисобни қўлдан бой берди. Энди бу жамоа қолган уч турда тўртинчи ўрин билан олти очколик фарқни йўққа чиқариши амримаҳол. Бешинчи ўриндаги «Вилярреал» ҳам уч очколик фарқ билан илгарилаб кетган ва бу устунликни бериб қўйиши даргумон. Мануэл Пеллегрини жамоаси учун йилнинг асосий ўйини энди Конференциялар лигаси финалида «Челси»га қарши кечадиган ўйин бўлади.
Жума куни «Болоня» «Милан»дан мағлуб бўлгач (1:3), Римдаги ўйиннинг аҳамияти янада ошиб кетди. Ўйин аввалига «Ювентус» сценарийси бўйича кечиб, Коло Муани ҳисобни очди. Мандас французнинг бошда йўллаган зарбасига етишга улгурди, аммо тўп барибир унинг қўлидан сирғалиб, тўрга бориб тушди. Кўп ўтмай Калулу майдондан четлатилди ва «кекса синиоралар» мураккаб аҳволда қолди. Туринликлар бир киши кам ҳолатда ярим соат чидаб туришди, аммо қўшиб берилган дақиқаларнинг олтинчиси ўтаётганида Ди Грегорионинг ақл бовар қилмас сейвидан кейин тўп барибир Весинонинг оёғига бориб тушди. Уругвайлик футболчи — бу мавсумда лигада 90-дақиқадан кейин икки бор гол урган ягона яримҳимоячига айланди. Парадокс шундаки, унинг иккинчи голи кўпроқ Римнинг сариқ-қизил қисмидаги мухлисларни хурсанд қилади. Агар «Рома» душанба куни Бергамода «Аталанта»ни енга олса, Клаудио Раниери жамоаси тўртинчи ўринга кўтарилади.
Ўтган турдагидан фарқли равишда бу сафар скудетто учун пойгада «Интер» биринчи бўлиб ўз ўйинини ўйинини ўтказди, «Барселона»га қарши ЕЧЛ яримфиналидаги эпик жангдан кейин нерадзуррилар иккинчи таркибни туширди. Аммо шунинг ўзи етарли бўлиб чиқди, миланликлар сафида ижара асосида ўйнаётган ва жамоа трансферини «Рома»дан сотиб олмоқчи бўлаётган Залевски эса ажойиб айланма зарбаси билан ҳисобни очди. Иккинчи бўлим бошида Торимий ҳам шедевр гол уриши мумкин эди, аммо унинг қайчи услубида йўллаган зарбасини Вани Милинкович-Савич йўққа чиқарди.
Лекин эронлик форвард кўп ўтмай сербиялик посбондан реванш олиб, уни жарима майдони ичида ўзига нисбатан қўполлик қилишга мажбур этди, белгиланган пеналтини эса Аслани аниқ ижро этди. Симоне Индзаги А серияда икки хил жамоа билан юзта ғалабага эришган мураббийга айланди — «Лацио» (108) ва «Интер» (100). Турнир тарихида бундай кўрсаткич фақат афсонавий Нилс Лидҳолм томонидан қайд этилган, у Рим ва Миланнинг бошқа жамоалари билан юздан ошиқ ғалабаларга эришган — «Рома» (135) ва «Милан» (102).
Неаполдаги ўйин бошлангунича «Интер» Антонио Конте жамоасига етиб олди. Барчаси неаполитанликларнинг ўз қўлида эди, турнир жадвалининг ўн учинчи поғонасида жойлашган рақиб жамоада ҳеч қандай мотивация ҳам йўқ эди, аммо «Женоа» скудетто учун интрига қизиши учун барча ишни қилди. Ўйиннинг 13-дақиқасидаёқ «Наполи» учун муҳим футболчи бўлган Лоботка жароҳат олиб сафдан чиқиши жамоа учун огоҳлик қўнғироғи бўлганди.
Бироз ўтиб Мактоминайнинг ажойиб пасидан кейин Лукаку ҳисобни очди ва барчаси жойига тушгандек бўлди. Аммо мутлақо кутилмаганда меҳмонлар ташаббусни қўлга олишди. Рақиблар кетма-кет вазиятларга эга бўлишди, Пинамонтининг зарбасидан кейин тўп тўсинга борди. «Грифонлар»нинг 17 ёшли ҳимоячиси Ахонор ҳужумга ўтганида эса ҳисоб тенглашди, унинг зарбасидан кейин Мерет яқин бурчакка келган тўпни ушлаб қололмади.
Иккинчи бўлимда Макотминайнинг яна бир голли пасидан кейин Распадори мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо бу гол ғалаба голи бўлиб қолмади, меҳмонларнинг бошқа бир ҳимоячиси Васкес ўйин охирларига бориб яна ҳисобни тенглаштирди. «Наполи» ҳамон пешқадам, аммо энди таъқибчи билан орадаги фарқ атиги очкони ташкил этмоқда. Олдинда — фаворитлар учун бош оғриқ бўла оладиган «Парма»га қарши сафар ўйини кутмоқда. «Интер» ҳам бир ҳафтадан кейин «Лацио»га қарши ўта қийин ўйин ўтказади.
Шанба куни Мюнхенда кумуш товоқ топшириш ва Томас Мюллерни кузатиш маросими ўтказилди. Фанатлар тажрибали форварднинг фаолиятидаги асосий лаҳзалар муҳрланган ажойиб перформанс тайёрлашди ва унга «Бавария» тизимида ўтказилган 25 йил учун миннатдорчилик билдиришди. Клуб Мюллерга унинг барча совринлари акс этган улкан фотони совға қилди, унинг майдонга тушиши эса Германия тарихидаги энг яхши жамоа сафидаги 750-учрашувга айланди. Кеча қаҳрамони майдонни 84-дақиқада олқишлар остида тарк этди. Бу вақтга келиб мезбонлар фақат битта гол уришганди — Олисенинг ўз услубидаги зарбасидан кейин тўп Кейннинг бошига теккан ҳолда дарвоза тўрига бориб тушганди. Француз футболчисининг ўзи ҳам сўнгги дақиқаларда Саненинг пасидан кейин гол уриб, ўз номини таблога ёздириб қўйди.
Леверкузен ҳам Ҳаби Алонсо билан хайрлашди. Ушбу мутахассис «Байер»га клуб тарихидаги илк чемпионлик титулини тақдим этди, энди эса «Реал» бошқарувига йўл олади. Аммо «Боруссия» мезбонларнинг кўнглига қараб ўтира олмасди, дортмундликларга Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашда ҳар бир очко сув ва ҳаводек зарур. Нико Ковач жамоаси ҳозирча бешинчи ўринда ва тўртинчи ўриндаги «Фрайбург»дан бир очкога ортда қолмоқда. Аммо бу вазиятда бир нюанс бор. «Асаларилар» рақобатчиси якуний турни «Айнтрахт»га қарши ўтказади, франкфуртликлар якшанба куни учинчи ўринни кафолатлаб қўйиши мумкин эди, аммо «Санкт-Паули» билан дуранг ўйнади (2:2).
Энди кейинги шанба куни дуранг ҳам қониқтирадиган «бургутлар»да мотивация даражаси ошиб кетди. Чунки улар сўнгги турда «Фрайбург»га ютқазиб қўйса, учинчи ўриндан бешинчи ўринга қулаши мумкин, «Боруссия» эса лигани аллақачон арк этиб бўлган «Ҳолштайн»ни имкон қадар йирик ҳисобда мағлуб этиши керак бўлади. Очколар тенг келган ҳолатда биринчи навбатда тўплар нисбатига қаралади. Ҳозирда «Айнтрахт»да бу роппа-роса «плюс 20». Дортмундда — «плюс 17». Брандт, Адейеми ва Гирасси каби футболчилар юқори спорт формасида бўлган шароитда буни уддалаш қийин эмас. Гвинеялик ҳужумчи бундеслигадаги сўнгги 100 ўйинида 63 гол уришга муваффақ бўлган. Бу рекордчи Рой Макайникидан атиги битта кам. Шундай экан, сариқ-қораларда ЕЧЛ йўлланмаси учун имконият ёмон эмас. Муҳими — жамоанинг ўзи хато қилмаслиги.