Ўзи нима гап?

Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОECD) ташаббуси билан ҳар 3 йилда 1 марта ўтказиладиган PISA (The Programme for International Student Assessment) халқаро тадқиқотида иккинчи марта иштирок этмоқда.

Бу тадқиқот – 15 ёшли ўқувчиларни имтиҳон қилиш орқали, мактаб таълими сифатига баҳо беришга қаратилган.

2025 йилги синовларда республиканинг 233 та мактабидан 8 800 нафар ўқувчи қатнашади. Бунда жамоатчилик фаоллари таълим муассасаларини танлашда репрезентативлик тамойили бузилганини айтмоқда.

Таълим соҳаси мутахассиси, ўқитувчи Шокир Турсун тадқиқотда барча президент мактаблари қатнашаётганини маълум қилиб, бу ўртача баллни сунъий оширишини айтди.

Ҳаммаси оддий: бу мактаблар энг сара ўқувчиларни ўқитади, уларнинг натижалари яхши чиқиш эҳтимоли юқори, аммо улар бутун Ўзбекистон ўқувчиларининг 1 фоизини ташкил этади (ёки ундан ҳам кам). Бу репрезентативлик – ҳақиқий воқеликни акс эттиришга қаратилган гуруҳни танлаб олиш жараёнига зид ҳисобланади.

Таълим сифатини ёлғондан баланд кўрсатиш, ўзимизни алдаш нега керак, тушунмаяпман. Яна ҳам тушунмаётганим, ОECD бунга қандай қилиб йўл қўйиб берди? Ёки ҳамма ахборотларим ёлғонмикин?” – дейди Турсун.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Х тармоғи (собиқ Twitter)даги саҳифасида Шокир Турсуннинг постини белгилаб, шундай изоҳ ёзди:

PISA тадқиқотида иштирок этиш учун Ўзбекистондаги 233 та мактаб тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинган. Мактабларни танлаш жараёнига вазирлик умуман аралашмайди, OECD танлаб, ўтказади. Вазирликка ҳаққоний таҳлил, натижалар керак. Кўзбўямачилик эмас”.

Тармоқ фойдаланувчилари вазирнинг пости остига ёзган изоҳларда танлаб олинган мактаблар рўйхатини очиқлашга чақирмоқда.