Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

БМТ: Ғазода иссиқ овқат тарқатиш миқдори 70 фоизга камайди

Ғазо секторидаги гуманитар вазият кескин ёмонлашишда давом этмоқда. Аҳолига тарқатилаётган иссиқ тушлик ўтган ҳафтага нисбатан 70 фоизга камайди.

БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик брифингда айтганидек, ишлаётган ошхоналар ресурслар етишмаслиги сабабли озиқ-овқат тайёрлаш имконини йўқотмоқда.

Агар илгари кунига қарийб 840 минг порция тарқатилган бўлса, ҳозир бу атиги 260 мингни ташкил этади, дея таъкидлади ташкилот вакили ва инсонпарварлик ёрдами фақатгина озиқ-овқатдан иборат эмаслигини қўшимча қилди. «Одамларга сув, санитария, тиббиёт, таълим ва ҳимоя керак», деди Дюжаррик.

Унинг сўзларига кўра, шифохоналар ва сув таъминоти объектларида ёнилғи захиралари камаймоқда. «Ғазодаги тиббиёт тизими таназзул ёқасида. Касалхоналар ярадорлар билан тўлиб-тошган, дори-дармон, асбоб-ускуналар, қон ва ходимларнинг кескин танқислиги кузатилмоқда», — деди БМТ вакили.

Трамп Саудия Арабистонига келди

АҚШ президенти Доналд Трампни Ар-Риёдда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон шахсан кутиб олди ва президент лимузинини араб отлари қўриқлаб борди. Бу маросим 2022 йилги собиқ президент Жо Байденга нисбатан анча илиқ эди. Байден ўшанда нефть нархини тушириш илинжида келган, бироқ Муҳаммад бин Салмон билан фақат мушт уришиб саломлашган эди.

Сафарнинг биринчи кунида Доналд Трамп Муҳаммад Бин Салмон билан Саудия Арабистонининг АҚШга 600 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритиши бўйича келишувни имзолади. Бу мажбурият АҚШдан турли хизмат ва товарларни сотиб олиш, энергетика хавфсизлиги, сунъий интеллект, мудофаа саноати, глобал инфратузилма ва муҳим фойдали қазилмалар соҳаларига миллиардлаб долларлик инвестициялар киритиш кўринишида бўлади.

Хусусан,Саудия Арабистони АҚШ мудофаа саноати компанияларидан 142 миллиардлик қурол-яроғ ва техникалар олади. Саудия валиаҳд шаҳзодаси умумий инвестициялар ҳажми келажакда 1 триллион долларга етишини айтди.

Трамп Саудия Арабистонини «АҚШнинг энг кучли шериги» деб атади ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни «ҳар қачонгидан кучлироқ» деб таърифлади. «Биз ишни бошлаганимиздан бери АҚШга бойлик оқиб келмоқда», деган Трамп инвестиция форумида.