15 май, пайшанба куни Истанбулда Россия-Украина музокаралари бошланиши керак. Туркия ТИВ раҳбари Ҳоқон Фидан 14 май куни унинг формати «ҳали узил-кесил белгилаб олинмагани»ни айтганди. Бу Москва ва Киев ўртасида 2022 йил баҳоридан буён илк музокаралар бўлиши керак, ўшанда томонлар урушнинг дастлабки ҳафталарида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишишга уринишганди. 2025 йилда АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти босими остида Россия ва Украина мулоқот бошлади — аммо ҳозирга қадар бу тўғридан тўғри учрашув шаклида бўлмади: урушаётган томонларнинг вакиллари алоҳида хоналарда ўтириб, америкаликлар воситачилигида музокаралар ўтказиб келди. Туркиядаги музокараларга ҳам АҚШ делегацияси ташриф буюради — аммо ҳозирча улар россияликлар ва украинлар учрашувида тўғридан тўғри иштирок этиши ҳозирча аниқ эмас.

Музокараларга Россиядан ким келиши — номаълум. Асосий савол — РФ президенти Владимир Путин келиш ёки келмаслиги ҳам. Кремлдагилар ушбу саволга жавоб беришдан, шунингдек, делегация аъзолари таркибини ошкор қилишдан қатъиян бош тортмоқда. 13 май кунги брифингда РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳақда «президент қачонки зарур деб ҳисоблаганда» эълон қилинишини айтди. Бир кун ўтганидан кейин ҳам у «бу масалада ҳеч қандай ўзгариш йўқлиги» ва «ҳозирча [делегация таркибини очиқлаш] бўйича кўрсатма бўлмагани»ни маълум қилди.

The Washington Post нашри 13 май куни кечқурун «Кремлнинг шахси сир қолишини сўраган собиқ юқори мартабали мулозими»га таяниб, Россия номидан ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков иштирок этишини маълум қилди, аввалроқ бу ҳақда «Агентство» мустақил нашри ва Gulagu.net ҳуқуқни ҳимоя қилиш лойиҳаси ўз манбаларига таяниб хабар берганди. Ушаковнинг ўзи 14 май куни тушдан кейин Истанбулдаги музокараларда қатнашиш-қатнашмаслиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортди. «Коммерсант» 14 май куни кечқурун аниқ манбани кўрсатмасдан Лавров делегацияда бўлмаслигини ёзди.

Украина президенти Володимир Зеленский Туркияга учиши аниқ – у Путин музокаралар бўйича ўз таклифини айтиши биланоқ бу ҳақда маълум қилганди. Украина президенти ўт очишни тўхтатиш ва «ҳаммани ҳаммага» тамойили бўйича асирлар алмашувини муҳокама қилмоқчи. Шу билан бирга, Зеленский Россия томонидан шахсан гаплашишга тайёр бўлган ягона одам Путин эканини таъкидлаган.

Шу билан бирга, Зеленский дастлаб Истанбулга эмас, Анқарага учади, у ерда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашади ва Путиндан хабар кутади. «РФ шаҳарлар бўйича манипуляция қилмаслиги ва Путин Анқарага учишга тайёр эмаслиги, фақат Истанбулга учишини айтмаслиги учун мен дарҳол шуни айтмоқчиманки, агар Путин Туркия пойтахтига эмас, Истанбулга учиб келса, биз президент Эрдўған билан Истанбулга учамиз», – деди Зеленский.