Учтепа туманида қурилиши бошланган 8 қаватли уй харидорларига берилган ваъдага кўра 2022 йилнинг декабрида фойдаланишга топширилиши керак бўлган. Аммо бундай бўлмади. 2024 йилнинг сентябр ойида компания таъсисчиси қамоққа олинган. Kun.uz'га берилган маълумотларга кўра, компания айрим ҳолатларда бир хонадонни икки кишига сотган. Жабрланувчилар пулларнинг катта қисмини таъсисчининг қўлига нақд кўринишда топширган. Айни пайтда ушбу қурувчи 167 кишини алдаган.
14 май куни Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида “Real lion houses” таъсисчиси ва унинг вакилларига нисбатан суд иши бўлиб ўтди. Маълум бўлишича, 2020 йил ноябрда давлат рўйхатидан ўтказилган “Real lion houses” одамларга Учтепа туманида қурилаётган 8 қаватли объектни таклиф этган. Суд ишида маълум бўлишича, жабрланувчиларнинг аксарияти хонадонларга тўловнинг 70-80 фоизини 2020-2021 йилларда амалга оширган. Уларнинг орасида 100 фоиз тўлов қилганлар ҳам бор. Жабрланувчилар уй учун тўловларнинг катта қисмини таъсисчининг қўлига нақд кўринишида берган. Қурувчи фирма масъуллари битта хонадонни 2 кишига ҳам сотган.
“Мен 2021 йилда қурилиш бошланганини эшитиб, улар хизмат қилаётган идорага бориб гаплашганман. Кейин яшаб турган уйимни сотиб шу уйга 17 минг АҚШ доллари пул тикдим. Нақд тўлаганим учун менга озгина скидка қилиб берган. Энди қарангки, менинг уйим 2 нафар одамга сотилган экан”, – дейди жабрланувчи.
Унинг судда кўрсатма беришича, “Real lion houses” таъсисчиси 1 йилда уйни битирамиз деб ваъда берган.
“Шундан келиб чиққан ҳолда, мен қизимникига кўчиб ўтдим, 5 йил бўляптики, ҳануз қизимникида яшаб турибман. Бу уйни ҳар доим суриштирганимда, “опа, ўша ердаги шароитларни кўринг, бундан кейин қурилишга ўша ердаги маҳалла йўл қўймаяпти” деган фикрлар бўлди. Майли деб уларниям тушундим. Менинг боқувчим йўқ, 1-гуруҳ ногирониман. Кўзим шартнома тузган пайти кўрарди. Мана, бир йилдирки кўрмай қолдим”, – дейди Юлдузхон Мамазойитова.
Судланувчилар Мамазойитованинг сўзларини тасдиқлади. Шунингдек, улар хонадон 2 кишига берилганини Мамазойитова инвестор бўлиб кирган эди деб изоҳлаб, уй берилишини айтди.
Тергов органи компания таъсисчиси ва унинг вакилларига фирибгарлик ҳамда яна бир нечта моддалар бўйича айблов эълон қилган. Айрим жабрланувчиларнинг кўрсатмалари қуйидагича:
“2021 йил биринчилардан бўлиб, жойни кўриб 2 та 1 хонали уйга тўлов қилганман. Иккаласиниям банкка тўлаганман. Биттасини 100 фоиз, биттасини 70 фоиз тўлаганман. 5 йилдан бери сарсон бўлиб юрибмиз, қачон борсам 3 ойда битади, 4 ойда битади деб юради”.















