Россия ҳарбийлари 25 майга ўтар кечаси Украина бўйлаб баллистик ракеталар ва дронлар қўллаган ҳолда ёпирилма ҳужум амалга оширди, унда 300 га яқин дрон ва 70 та ракета қўлланган.
Зарбалар оқибатида мамлакат бўйлаб камида 12 киши ҳалок бўлиб, 60 дан ортиқ киши яраланган.
Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизматига (ФВДХ) кўра, 13 регион зарбалар остида қолган: Киев шаҳри ва Киев области, шунингдек, Житомир, Хмельницкая, Тернопол, Днипропетровск, Миколайив, Одесса, Харкив, Черниҳив, Черкасс, Суми ва Полтава областлари.
Киев шаҳрида Россия ҳужуми оқибатида 11 киши яраланган. Голосеевский районида ётоқхона ва кўп қаватли уй бинолари, Днипровский районида — хусусий уй, Шевченково районида — кўп қаватли турар жой биноси шикастланган.
Украина ФВДХга кўра, Киев областида тўрт киши ҳалок бўлган, 16 киши яраланган, шундан уч нафари болалар.
Житомир областида 8, 12 ва 17 ёшлардаги уч бола ҳалок бўлган. 12 киши, жумладан бир бола яраланган.
Хмельницкая областида олтита турар жой биноси вайрон бўлган, 20 дан ортиғи — шикастланган. Тўрт киши ҳалок бўлиб, беш киши яраланган. Шифокорлар жабрланувчилардан бирининг аҳволи оғир эканини маълум қилган.
Миколайивда дрон беш қаватли уйга урилган. Қутқарувчилар харобалар орасидан 1948 йилда туғилган кекса ёшли эркак жасадини топишган. Беш киши, жумладан, ўсмирлар яраланган. Харобалар остидан чиқариб олинган икки аёлдан бири оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Фото: Украина ФВДХ
Тернополда «Калибр» русумли қанотли ракета саноат корхонасига келиб тушган. Тахминан 1000 метр квадрат майдон ёнғин ичида қолган. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Черниҳив областида дронлар ва ракеталар зарбаси оқибатида омборлар ва нотурар бинолар ёниб кетган. Ёнғинлардан бирининг майдони 1000 метр квадратга етган. Қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.













