Суриядаги фуқаролик урушида минглаб марказий осиёликлар турли гуруҳлар сафида жанг қилиб келди. Хўш, уларни қайси кучлар ҳаракатга келтирди? Аш-Шара Трамп ва бошқаларнинг хорижлик жангариларни чиқариб юбориш талабини бажарадими? “Геосиёсат”нинг шу мавзудаги сонида сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Бектош Бердиев меҳмон бўлди.

— Суриядаги марказий осиёликлар асосан қайси гуруҳлар сафида?

Фарҳод Каримов: Марказий Осиё аҳолиси Сурияда нима содир бўлаётгани, қандай сиёсий мақсадлар ётгани, у ердаги асосий ҳаракатга келтирувчи кучлар кимлар эканини билиб олиши керак. Сурияда фуқаролик уруши бошланганда, турли хил минтақалардан, турли хил миллат ва элатлардан ташкил топган гуруҳлар шаклланди. Марказий осиёликлар энг кўп тўпланган гуруҳлардан кўзга кўрингани “Катибат ат-Тавҳид вал-Жиҳод”, айнан шу гуруҳ 2014 йилдан фаолияти сезила бошлаган. Биринчи навбатда улар “Ал-Қоида” билан ҳамкорликда, кейинчалик эса Жўлоний (Аш-Шара) лидери бўлган “Таҳрир аш-Шом” билан яқин ҳамкорликда фаолият юритган. Гуруҳ Суриянинг асосан Ҳалаб ва Идлиб атрофларида фаол бўлган.

Уларнинг асосий мотиви – шариат асосига қурилган халифалик давлатини барпо этиш, шу орқали биринчи навбатда Исроилга қарши курашиш эди. Лекин Аҳмад Аш-Шара ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин, бундай йўл билан халқаро даражада тан олинмаслигини билди. Чунки уни қўллаб-қувватлаган, унинг ҳокимиятини тан олган айрим давлатлар, ҳатто минтақа давлатлари ҳам унинг бундай шиорлар ва мақсадлардан воз кечишини талаб қилишди.

Европа давлатларининг бир қатор ташқи ишлар вазирлари, етакчи сиёсатчилари Дамашққа келиб, Аш-Шара билан мулоқот ўрнатишди. Глобал ҳамжамият Суриянинг ўтиш ҳукуматига ягона бир дин эмас, балки барча динларни ҳурмат қилувчи, виждон эркинлигига асосланган, миллатлараро тотувликни таъминлайдиган ҳукумат шакллантиришни талаб қилган.

Шу тариқа, 2014 йилда “Таҳрир аш-Шом” ташкилоти тузилгандаги шиорлардан Аҳмад Аш-Шара воз кечди, у мужоҳид сифатида эмас, замонавий дунёвий сиёсатчи сифатида намоён бўла бошлади.

Бектош Бердиев: Минтақада ташкил этилган асосий гуруҳ бу ИШИД эди. Шунингдек, “Ал-Қоида”нинг трансформациялашуви натижасида вужудга келган “Жабҳат ан-Нусра” (бу гуруҳга ҳам Жўлоний бошчилик қилган) ҳам кучли ташкилот эди, лекин бир вақтнинг ўзида ИШИДга бўйсунишини эълон қилган, кейинчалик эса 2013 йилда Айман ал-Завоҳирий бу гуруҳни “Ал-Қоида”нинг филиали сифатида тан олди. Бу ташкилот таркибида ҳам кўплаб марказий осиёликлар иштирок этгани ҳақида маълумотлар бор.