Украина Россия ҳарбий аэродромлари бўйлаб «Ўргимчак тўри» операцияси ўтказганига уч кун бўлди. Бу вақтга келиб дронларни Россия ҳудудига олиб кирган юк машинаси қандай ҳаракатни бошлагани-ю, самолётлари ёниб кул бўлган аэрдромларнинг коинотдан олинган суратларигача тарқалиб бўлди. Россия бу сенсацион операцияга қандай жавоб бериши охирги кунларнинг асосий муҳокама мавзуси бўлмоқда.
Путин жим
Россияликлар Украина фронтда, умуман, урушда қандайдир муваффақиятли юриш қилса, доимгидек Владимир Путиннинг реакциясини кутишади. Лекин биз анча йиллардан буён Владимир Владимировичнинг ҳаракатларини кузатувчилар унинг қарор қабул қилишига қандайдир ташқи омил деярли таъсир қилмаслигини биламиз.
Путин руслар орзу қилаётганидек Украина бўйлаб ядровий зарбага буйруқ бериши ҳам мумкин, лекин бунга уни Киевнинг ҳеч қайси ҳаракати мажбур қилолмайди. Путин Украина нимадир қилгани учун бирор чора кўришни улар билан ҳисоблашиш деб билади. Зеленский бошчилик украинлар билан ҳисоблашишни эса Россия президенти ўзига эп кўрмайди.
Украина «ўйинчоқ дронлар» билан Россия стратегик бомбардимончиларини йўқ қилганига Путин ҳозирча муносабат билдиргани йўқ. Масалан, Россия президенти ўшандан кейин Никол Пашинянни туғилган куни билан табриклади, Бойқўнғир космодроми очилганининг 70 йиллиги муносабати билан табрик йўллади, Россия болалар ҳуқуқлари бўйича вакил билан, кейин Россия табиат ресурслари вазири билан мулоқот қилди. Хусусан, ўрмон хўжаликларининг иқлим ўзгаришига мослашиши, коммунал чиқиндилар билан ишлаш каби мавзуларни гаплашди.
Путин Украина ҳужум қилиши биланоқ телевизорга чиқиб «Энди мана бундай қиламиз», «Энди фалон ракетани отамиз», дейишини кутганларга шунчаки Путинни яхши билмайдиган одамлар деб таъриф бера қоламиз. Путин ҳеч қачон бундай қилмайди, у сиз ўйлаганингиздан анча совуққон ва мулоҳазали инсон. Путин учун энг катта табу душман уни ғазаблантирганини тан олишдир. Ахир Россия президенти ўз туғилган кунида Қрим кўприги портлатилганида ҳам хотиржамликни сақлаб қолганди.
«Ядровий зарба бериш керак»
Россия жамиятида «Паутина» операциясини оғриқли қабул қилишди. Бу кўпроқ руҳий ҳужум бўлди. Чунки Украина арзонгаров дронлар билан Россия авиациясига 7 миллиард доллар зарар етказгач, Россияда нон, гўшт, тухум, гречка ёки ароқ қимматлаб кетгани йўқ. Россияликлар маошини ҳам вақтида олмоқда. Шаҳарлар ҳамон хавфсиз, Украина шаҳарлари билан таққослаганда, албатта.















