Жаҳон | 13:22 / 09.06.2025
2056
2 дақиқада ўқилади

ХЖС Нетаняҳу ва Галлантни ҳибсга олишга ордер берган судяларга қарши АҚШ санкцияларини қоралади

Халқаро жиноий суд Вашингтоннинг ҳаракатларини суд мустақиллигига ҳужум сифатида баҳолади.

Фото: Reuters

Халқаро жиноий суд (ХЖC) АҚШнинг Апелляция палатасида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантни ҳибсга олиш ордерларини кўриб чиқаётган тўрт судяга қарши янги санкцияларини қоралади.

ХЖC расмий баёнотида таъкидланишича, Вашингтон томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар 125 давлат мандати остида фаолият юритувчи халқаро суд органи мустақиллигига путур етказишдир.

«Адолат излаётган одамларга ҳужум қилиш можародан азият чекаётган тинч аҳолига фойда келтирмайди. Аксинча, бундан қутулиш мумкинлигига ишонганларнигина руҳлантиради», дейилади баёнотда.

Шунингдек, санкциялар нафақат аниқ судяларга, балки бутун тузилмага, жумладан, унинг ходимларига, аъзо давлатлар фуқаролари ва ХЖС тарафдорларига ҳам қаратилгани таъкидланган. ХЖС уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар, геноцид ва тажовуз қурбонлари учун адолатни таъминлаш учун Рим статути ва адолат тамойилларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ишлашни давом эттиришга ваъда берди.

Санкцияга тушган судялар орасида суд раиси ўринбосари, бенинлик судя Рейн Аделаида Софи Алапини Гансоу, угандалик судя Соломи Балунги Босса, перулик Луз дел Кармен Ибанез Каранса ва словениялик Бети Хоклер бор.

Аввалроқ АҚШ ХЖС прокурори Карим Хонга нисбатан санкциялар киритган эди. Фаластин ишини кўраётган олти нафар судядан тўрт нафарига санкция қўлланган. Француз ва япон судялари санкция рўйхатига киритилмагани ҳам эътиборни тортди.

Мавзуга оид

Эълонлар