Жаҳон | 18:43 / 10.06.2025
2415
2 дақиқада ўқилади

Мексикада 42 тонна метамфетамин мусодара қилинди

Мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларининг кенг кўламли операцияси Мичоакан штатида бешта ерости лабораторияси топилганидан кейин бошланган.

Фото: SEMAR Mexico

Мексика ҳуқуқ-тартибот органлари 9 июн куни 42 тонна метамфетаминдан иборат юкни тўхтатиб қолди.

Қайд этилишича, бу мамлакатда мусодара қилинган наркотик моддаларнинг энг йирик партияси ҳисобланади. Кенг кўламли операция ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Мичоакан штатида бешта ерости лабораториясини топганидан кейин бошланган.

Экспертлар қўлга киритилган партияни 1,06 миллиард песога (55,7 миллион доллар) баҳоламоқда. Шунингдек, умумий ҳажми 8,8 минг литрга тенг бочкалар ҳам мусодара қилинган — уларда наркотик моддаларни ишлаб чиқаришда зарур бўладиган кимёвий таркибий қисмлар сақланган.

Операция АҚШ ва президент Доналд Трамп томонидан Мексикада наркобизнесга қарши курашни кучайтириш босими остида ўтказилди. Трамп божлар ошиши сабабларидан бири сифатида Мексика расмийларининг гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва АҚШга олиб ўтилишига қарши етарлича курашмаётганини кўрсатган. Мексика ҳукумати бундай айбловларга қўшилмаган.

АҚШ гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бошқармаси маълумотларига кўра, Мексикадаги жиноий гуруҳлар метамфетаминни Қўшма Штатларда асосий етказиб берувчи ҳисобланади. Улар эса ўз навбатида Хитойдан олиб келинаётган кимёвий воситалардан фойдаланади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид