“Вагнер”га ёлланиб, 6 ой Россия-Украина урушида қатнашган ёш йигит жиноий жазога тортилди. У урушга боришга мажбур бўлганини айтган.

Kun.uz ўрганган суд ҳукмида келтирилишича, 2000 йилда туғилган У.М. 2021 йил 28 июл куни ишлаш мақсадида Россиянинг Самара областига борган. Йигит у ерда гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, суд ҳукми билан 8,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

У.М. Самара областидаги қамоқхонада жазо муддатини ўташ даврида “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига ёлланган. Йигит 6 ой давомида Украинага қарши урушда қатнашган. Унга бунинг учун Россия фуқаролиги, пул ва 3 та медал берилган. У.М. 2024 йил октябр ойи охирида Ўзбекистонга қайтиб келган.

Йигит судда айбига иқрорлик билдирган ҳамда урушга боришга мажбур бўлганини айтган.

2019 йилда мактабни тамомлаганимдан сўнг 2021 йилга қадар Ангрен шаҳар ҳудудида киракашлик қилдим. 2021 йил июн ойида иш топиш мақсадида маҳалла идорасига бордим. Маҳалла раиси менга меҳнат биржасига боришимни айтди. Ангрен шаҳар меҳнат биржасига бордим. У ердаги ходим Россиянинг Москва областидаги “Деловая линия” номли почта хизмати омборхонасида юк ташувчилик бўйича иш борлигини айтди. “Деловая линия”да ойлик 75 минг рубл эканини билдим ва таклифга рози бўлдим. Ҳужжатларни йиғиб бўлганимдан сўнг Тошкент шаҳрига суҳбатга бордим.

2021 йил 28 июл куни биржа томонидан 15-20 киши ишлаш мақсадида Россияга учиб кетдик. Бизни аэропортда 2-3 киши кутиб олди ҳамда Москва областининг Подолский посёлкасидаги ётоқхонага олиб боришди. Патент чиққанидан сўнг омборхоналардан бирига юк тахловчи бўлиб ишга кирдим. Орадан 3 кун ўтиб, Тоҳир исмли таржимон бу ерда иш йўқлиги, 5 кишини Самара областига юборишини айтди ва поездга чипта олиб берди.

Самара шаҳрининг Киров районига бордик. Тожикистонлик Фарид исмли шахс регистрация учун 8 минг рублдан пул сўради. Пулимиз йўқлигини айтдик. Фарид пулларинг бўлмаса текинга бир ҳафта ишлаб берасизлар, деди. Биз рози бўлдик.

2021 йил 11 сентябр куни буюртмани олиб кетаётганимда полиция ходимлари тўхтатишди. 4-5 ходим ўзларини таништирмасдан телефон ва бошқа нарсаларимни олиб қўйишди. Сўнгра қўлимга кишан солган ҳолда унча узоқ бўлмаган бинога олиб боришди. Нарсаларимни тинтишганида доставка қутисидан яшил рангли целлофан пакетни топишди ва унинг ичидаги героин эканини айтишди”, деган йигит суддаги кўрсатмасида.

Шундан сўнг У.М.ни 2 ой давомида тергов ҳибсхонасида сақлаб туришган. Сўнгра суд ҳукми билан 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.