Ўзбекистонда 2025 йилнинг бошидан буён гўшт нархлари сезиларли ошди. Сўнгги ҳафталарда ҳудудларда суякли мол гўшти чакана савдода 140 минг cўмгача кўтарилди. Ем маҳсулотлари нархи тобора ошиб бораётган, чорва учун яйловлар қисқараётган бир пайтда уй шароитида новвосни емлаб семиртириб сотаётган фарғоналик чорвадорларга микрофон тутди.

Каттагина ери бўлган Кабиржон Ғофуров ҳар бир қорамоли учун бир кунда ўртача 70 минг сўмлик ем беришини айтди.

Кабиржон Ғофуров

“Қорамол боқиш осон эмас, айниқса ем нархи тобора ошиб бораётган бир пайтда. 15-20 миллион сўмга новвос оласиз. Унга ем, хашак олиш керак. Агар ем маҳсулотларининг ҳаммасини сотиб олсангиз [ўзининг харажатини] қопламайди. Ҳеч бўлмаса хашак ўзингиздан чиқса ҳарна ёрдам бўлади-да. Гектар боғим бор. Хашакни бўлсаям ўзимдан чиқаришга ҳаракат қиламан.

Одатда, бозордан уруғликка қора симментал новвос оламан, уни ўзимизнинг жайдари ғунажинга қўшсак, тез етиладиган новвос туғилади. Кўпроқ ана шундай новвосни боқишга ҳаракат қиламан. Чорвани кўпроқ ўзингиздан чиқарсангиз, ўзингиздан ўт чиқиб қолса, ана шунда фойда бор. Акс ҳолда гўнгича сотсангиз ҳам ҳатто ўзининг пулини ҳам чиқара олмайсиз.

Ҳар йили кузда кунжара сотиб оламан, арзонроқ. Ҳозир кунжара ҳам 6,5 минг сўмга кўтарилиб кетди. Тобора новвос олиб боқишнинг фойдаси минусга қараб кетяпти. Бир қоп кепак 80-85 минг сўмга кўтарилди. Гўшт қиммат дейишади-ю, лекин ўша гўштни етиштириб олиш ҳам осон бўлмаяпти-да.

Мисол учун, кунжара ўтган йилнинг сентябр ойида 4–4,5 минг сўм эди. Январнинг охири, февралларга бориб 5–5,5 минг сўм бўлди. Мана ҳозир 6,5–7 минг сўмга чиқиб олди. Кепак ҳам аввал 50–55 минг сўм эди, 60 минг сўм бўлди. Январга ўтиб 70 минг сўм бўлди, ҳозир мана 85–90 минг сўмга чиқиб кетди. Буғдойдан кепак қиммат. Буғдой 3–3,5 минг сўм, кепак ҳам бундан ошиб кетяпти.

Оддий мисол, мана шу новвосни ўтган йилнинг октябр ойида 17 миллион сўмга сотиб олганман. Бир кунда икки маҳал 4 кгдан 8 кг кунжара ейди. 3 килодан кепак ейди. Силос ейди 10 кг. Ўртача ҳисоблаганингизда бир кунлик “расходи” 70 000 сўмга боради. Энди буни 10 ой боқсак 21 миллион бўлар экан. Умумий харажат 38 миллион сўм бўляпти. Энди буни 45 миллион сўмга сотамизми, 42 миллионгами насиб бўлгани бўлади.