13 июн тонгида Исроил армияси Эроннинг ядро ва ҳарбий инфратузилмасига қарши амалиёт бошлади. Теҳрон, Натанз ва Хондобдаги портлашлар Эроннинг ядро дастури ва ҳарбий элитасига катта зарба бўлди. Оятуллоҳ Хоминаий қасос ваъда қилди.

Теҳрон аҳолиси катта портлаш овозларини эшитди. Давлат телевидениеси бу портлашлардан кейинги ҳолатни ёритиб, Теҳрон атрофидаги олимлар шаҳарчаси ва ядро иншоотлари устидан тутунлар чиқаётганини намойиш этди.

Исроил армияси бу операцияни «Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқариш салоҳиятини жиловлаш учун зарур олдиндан огоҳлантирувчи ҳужум» деб атади. Ҳужумлар Натанздаги ядро бойитиш маркази, баллистик ракета инфратузилмаси, олимлар яшаётган ҳудудлар, қурол омборлари ва ҳарбий лабораторияларга қаратилган.

Катта фигураларга ҳужум

“Тасним” ахборот агентлиги Эрон ядро дастурида фаолият юритган икки етакчи олим – Муҳаммад Маҳди Теҳрончи ва Фаридун Аббосий, шунингдек, Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи генерал-майор Муҳаммад Багирий, Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси қўмондони генерал Ҳусайн Саламийнинг ўлими ҳақида хабар берди.

Исроил ҳужумнинг биринчи тўлқинини айнан юқори даражадаги раҳбариятни йўқ қилишга қаратган кўринади.

АҚШ: Бизнинг алоқамиз йўқ

Доналд Трамп раҳбарлигидаги Оқ уй жума кунги жадвалда Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини белгилади. Шунга қарамай, Трамп ҳозирча ҳеч қандай баёнот бермади. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса Исроилнинг ушбу операциясида АҚШ қатнашмаганини айтди.

«Тунги ҳужумда Исроил мустақил ҳаракат қилди. АҚШнинг бу ҳужумларга алоқаси йўқ ва асосий устуворлигимиз бу минтақадаги америкалик ҳарбийларни ҳимоя қилишдир», деди Американинг бош дипломати. Шунингдек, Рубио Эронни АҚШ манфаатлари ёки ходимларига ҳужум қилмаслик ҳақида огоҳлантирди.

Бир неча кун олдин АҚШ Яқин Шарқдаги элчихоналари ва базалардан ходимлар ва уларнинг оилаларини эвакуация қилишни бошлаган эди. Бу эса Вашингтоннинг Исроил зарбаларидан олдиндан хабардор бўлганини англатади.

Эрон Исроилга жавоб берадими?

Эрон Ислом Республикаси мамлакат ҳаво ҳудудини ёпди. Олий раҳбар оятуллоҳ Хоминаий Эрон бу жиноятни жавобсиз қолдирмаслигини айтиб чиқди.