Ўтган куни тунда Исроил Эронга ҳаво зарбалари амалга оширди. Исроилнинг ҳужуми ҳақида бир неча кун аввал ОАВда «анонс хабарлар» чиққанди, лекин бу галги ҳужумни кутилмаган дейиш мумкин. Чунки бир неча ой олдин зарбалар алмашган икки давлат ҳозир ўша галгидай уруш ҳолатида эмасди.

Худди «Паутина» каби

Исроил ҳужумга узоқ вақт тайёргарлик кўрган ва операция фақат Эрон стратегик объектларига ракета учиришдан иборат бўлмаган. Исроил ташқи разведка ташкилоти Моссад ва ҳарбий разведка ташкилоти АМАН ракета зарбаларидан аввал Эрон атрофига жуда кўп миқдорда зарбдор дронларни яшириб чиққан.

Бу маълумотлар Исроил ОАВда сиздирилди. Уларда айтилишича, исроиллик ҳарбийлар бир неча ой давомида аввалига Эрондаги зарба нишонлари – ядровий объектлар, ҳарбий базалар, ракета омборлари, шунингдек, Эрон ҳарбий раҳбарияти ва ядро дастуридаги муҳим одамлар яшайдиган манзилларни ўрганиб чиққан. Эътибор берган бўлсангиз, ҳужум бошида айнан ядрочи олимлар яшайдиган бино нишонга олинди.

Исроил махсус хизмати вакилининг FOX News'га айтишича, Моссад ҳарбий ҳаво кучлари раҳбарияти бир хонада йиғилиш ўтказишини кутган ва йиғилиш бошлангач бинога зарба йўлланган. «Биз уларнинг ҳаракатларини ўргандик. Нима қилсак, йиғилиш ўтказиш учун тўпланишларини билардик», деган манба.

Сиздирилган хабарларга кўра, Моссад Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари яқинига портловчи қуроллар жойлаштириб чиққан. Гап катта эҳтимол зарбдор дронлар ҳақида кетмоқда. Улар ҳужумдан аввал Эрон мудофаа тизимларини йўқ қилган ва Исроил самолётлари эркин зарба йўллаши учун йўл очиб берган. Баъзи дронлар транспорт воситаларига яширилган. ОАВда буни Украинанинг «Паутина» операциясига ўхшатишмоқда. Афтидан Моссаддагилар Украинанинг ўша ҳужумидан жуда илҳомланган кўринади.

Шунингдек, Моссад агентлари Теҳрон яқинида зарбдор дронлар базаси яратиб, улар ёрдамида ракета тизимларига зарба беришган. Барча дронлар масофадан туриб бошқарилган.

Исроил бош вазири Нетаняҳу 2024 йил ноябр ойида, Ҳизбуллоҳ лидери Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилганидан кейиноқ махсус хизматларга Эрон ядро дастурини йўқ қилиш бўйича буйруқ бергани, ҳужум апрел ойида амалга оширилиши керак бўлганини айтди. Маҳаллий нашрларга кўра, Трамп Нетаняҳу билан гаплашиб ҳужум қилмасликка кўндирган ва Эрон билан келишишга ҳаракат қилиб кўришини айтган.

Америка аралашдими?