17 июнга ўтар кечаси Россия қўшини Киевга йирик зарба берди. Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, Украина пойтахти ва Киев области бўйлаб 175 та дрон ва 14 та ракета, жумладан, иккита баллистик ракета учирилган.

Украина ички ишлар вазири Игор Клименко Киевнинг Соломенский районидаги тўққиз қаватли турар жой биносига Россия баллистик ракетаси келиб урилганини айтди.

«Подъезд бутунлай вайрон қилинган. Ва у ертўлагача йўқ қилинди, чунки бу тўғридан тўғри урилган зарба эди», – дея унинг сўзларини келтиради «Украинская правда».

Киев шаҳри мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, Соломенский районида 14 киши ҳалок бўлган. «Харобалар остида одамлар бўлиши мумкин. Биз қурбонлар сони ортишини истисно этмаймиз», – деган у. 

Киевга тунги ҳужум оқибатида 99 киши жароҳатланган, шундан 59 нафари шифохонага ётқизилган. Жабрланганлар орасида болалар ҳам бор.

Киевдаги ҳаво тревогаси тахминан тўққиз соат давом этди, дейилади Украина бош прокурори идораси хабарида. Киевнинг Дарницкий районида ҳужумдан кейин бошланган ёнғин оқибатида турар жой биносининг бир нечта хонадонлари зарар кўрган. Ёнғин Шевченко районидаги турар жой биносининг юқори қаватларида ҳам содир бўлган.

Киевдаги кўп қаватли турар жой биносидаги ёнғин
AP / Scanpix / LETA

Бундан ташқари, Украина пойтахтида Киев авиация институти ётоқхонаси шикастланган, деди университет ректори Ксения Семенова. «Институт ётоқхонасига парчалар тушган», – деган у. Семенованинг сўзларига кўра, ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар бор, уларнинг сонига аниқлик киритилмаган.

Киевда бир қисми қулаган уйда яшовчилардан бирининг эвакуация қилиниши
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Тун давомида Россия қўшини Украинага 440 та дрон ва 32 та ракета учирди, деди мамлакат президенти Володимир Зеленский. Киев шаҳри ва Киев областидан ташқари Одесса, Запорижжя, Черниҳив, Житомир, Кировоград ва Миколайив областлари ҳам ҳужумга учраган.