Исроил ва Эрон уруши бир ҳафтадан буён давом этмоқда. Одатда бу икки давлат ўртасидаги тўқнашув бунақа узоқ давом этмас ва уруш дейишга арзимасди. Ўзи Исроил ва Эрон тўғридан-тўғри бир-бирига ракета отиши охирги икки йилда кузатилаётган ҳолат. Узоқ йиллар Эрон Исроил билан очиқчасига эмас, прокси кучлар ёрдамида курашиб келди. Лекин энди жанг майдонида икки душман яккама-якка қолди. Прокси кучлар ҳам яксон қилинган.
Уруш бошланганда иттифоқчи деган сўз тез-тез тилга олинади. Чунки исталган давлат иттифоқчисиз уруша олмайди. Буни жуда қудратли, ресурслари битмас-туганмас Россия мисолида кўрдик. Совет иттифоқидай қудратли империянинг меъросхўри ўзидан чандон баробар кучсиз қўшнисига қарши урушда одамларининг қорни зўрға тўядиган Шимолий Кореядан қурол сотиб олишга мажбур бўлди.
Эрон – Исроил урушида ҳозирча фақат бир томоннинг иттифоқчиси кўриниш бермоқда. АҚШ Исроилга Эрон ракеталарини тутиб қолиш орқали бўлса ҳам ёрдам берди. Мажозий маънода айтганда, АҚШ жанг майдонига кирмаган бўлса-да, исталган пайтда урушга қўшилишга шай.
Хўш, Эроннинг иттифоқчилари қани? Нега жуда кучли Америка қўлловидаги Исроилга қарши тарихдаги илк урушда Теҳрон ёлғиз жанг қилмоқда? Украинага қарши урушда Эрон янги санкциялар хавфига қарамай Россияга қурол етказиб берди, нега Москва энди оғир паллада ёрдамга келмаяпти? Қуйида шу ҳақда.
Россия қандай ёрдам бериши мумкин?
Демак Эрон қайси масалада Россиянинг ёрдамига муҳтожлигидан бошласак. Энг аввало ҳаво мудофааси бўйича. Ҳозир Исроил самолётлари деярли қаршиликсиз Эрон осмони узра учиб, яна Исроилга қайтиб кетмоқда. Чунки операция бошланишидан аввал Моссад агентлари Эрон ичкарисига кириб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига зарба берган. Бўлмаса Исроил самолётларини бунчалик бемалол Эрон устидан учира олмасди. Яхшиям ўртада Ироқ ва Сурия ерлари ястаниб ётибди, акс ҳолда Исроил Эрон осмони узра патрул ташкил қилиши ҳам ажабланарли бўлмасди.
Бундай ҳолатда Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёки қирувчи самолётлар ёрдамида осмонни ҳимоя қилиши Эронга асқатган бўларди. Лекин Россия Украинага қарши урушда ўзига ёрдам берган иттифоқчисига бундай ёрдам кўрсатмаяпти.
Ҳарбий ёрдамдан ташқари Россия дипломатик майдонда Эронга катта ёрдам бериши мумкин. Чунки Путин ва Нетаняҳунинг муносабатлари ёмон эмас, улар уруш бошлангач доимий алоқада бўлиб турибди. Лекин бу мулоқотлардан кейин ҳам Исроил Эронни бомбалашда давом этмоқда. Афтидан, Россия Исроил ракеталарини уриб тушириш ёки бу учун Эронга қурол бериш орқали яна бир урушга аралашиб қолишни истамаяпти.











