АҚШнинг бомбардимончи самолёти Эроннинг 3 та ядровий объектига зарба берди. Трамп ва унинг жамоаси операцияни “Situation Room”дан кузатиб турди. Эрон эса АҚШнинг зарбасидан ғазабда ва Фордога зиён етганини тасдиқлади. Америка ОАВлари бу Вашингтоннинг Исроил бошлаган урушга қўшилиши, дея ёзди. Конгресс аъзолари президентнинг “бемаслаҳат зарбаси”дан норози. Бу зарбалардан ўта кучли радиация кутилган, бироқ айни пайтда вазият нормал ва датчиклар хавф йўқлигини кўрсатмоқда. Акс ҳолда нурланиш шамол орқали ўртача 2-3 кун ичида Ўзбекистонга ҳам кириб келарди.

Kun.uz ядровий фалокат эҳтимоли инкор этилмайдиган ушбу геосиёсий ҳодисани сиёсатшунос Фарҳод Толипов ва иқлимшунос Эркинбек Абдулаҳатов билан жонли эфирда муҳокама қилди.

Америка Қўшма Штатлари ўз тарихида биринчи бор Эронга зарба берди. Ассалому алайкум, сиз Kun.uzʼда жонли эфирни томоша қиляпсиз ва биз бугун ушбу суҳбатимизни фавқулодда ташкил қилдик. Муҳокамамиз мавзуси – 21 июн куни Эронга берилган зарба ва бугунги суҳбатдошларимиз сиёсатшунос Фарҳод Толипов ҳамда иқлимшунос Эркинбек Абдулаҳатов.

Ҳурматли экспертлар, бу суҳбатимизни шошилинч тарзда ташкил қилдик ва авваламбор келганингиз учун миннатдорлик билдираман.

Фарҳод ака, Қўшма Штатлар ўз тарихида биринчи марта Эронга зарба беряпти. Бундан олдин биз жуда кўп экспертлар билан гаплашдик, муҳокама қилдик. Қўшма Штатлар тийилади, Яқин Шарқдаги урушга бевосита қўшилишдан ва нима қилса ҳам Исроилнинг қўли билан қилади, деб прогноз бериб келаётган эдик. Исроилни максимал даражада қўллаб-қувватлайди, ҳарбий ёрдам беради, лекин ўзи бевосита қўшилмайди, дейилганди.

Умуман олганда, конфликт бошлангандан бери бир неча бор Қўшма Штатларнинг позицияси, аниқроғи Трампнинг қарашлари ўзгариб турди. Масалан, аввал “Эрон билан музокарага борамиз” дейилди, шу орада Исроил ҳужумга ўтди. Кейин “агар Эрон АҚШ фуқаролари, ҳарбий объектлари ва манфаатларига ҳужум қилса, қўшиламиз” дейилди. G7 саммитида эса “Исроил яхши кетаётган экан, аралашмаймиз, у ўзи тинчитади урушни” дейилди. Кейин эса “икки ҳафтада қарор қабул қиламан” дейди ва мана, урушнинг 10-кунида шу воқеа содир бўляпти.

Бугун учта масалани муҳокама қиламиз. Биринчиси: АҚШнинг бу қилган иши қанчалик тўғри, сизнингча?

Биласизми, ҳозир ўзингиз Трамп томонидан билдирилган позицияларни кетма-кет санаб ўтдингиз. У баёнотлар жуда зиддиятли, ўзгарувчан ва қатъийликдан йироқ бўлиб, “АҚШдан нима кутса бўлади?” деган саволни келтириб чиқарди.